17 June 2017
01:13 - Миршаббошимиз Тожикистонга сафар қилиши яхши, аммо, у энди жаллодбоши эмаслигини кўрсатиши лозим

Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири, генерал-майор Абдусалом Азиз жорий йил июнь ойи охирида Тожикистонга боради. Asia Plus агентлиги Тожикистон ИИВдаги манбасига таянган ҳолда шу ҳақда хабар қилмоқда. Бу Ўзбекистон ИИВ раҳбарининг қўшни республикага сўнгги сал кам 20 йилдаги илк сафари бўлади.

Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири 27-29 июнь кунлари Душанбе шаҳрида ўтказиладиган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари Кенгаши мажлисида иштирок этиши режалаштирилган. Абдусалом Азиз бу сафари чоғида Тожикистон ИИВ раҳбарияти ҳамда республика ҳукуматидаги куч тизимларининг юқори лавозимли мулозимлари билан учрашар экан.

Сўнгги маротаба Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири 19 йил муқаддам Тожикистонга келган. Ўша вақтда бу лавозимни Зокиржон Алматов эгаллаб турарди. Кейинчалик икки тожик - Ислом Карим ва Имомали Раҳмон - бир-бирлари билан чиқишолмай қолганлари сабабли икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўта ёмонлашган эди, дейди мухбиримиз. Ҳозир алоқалар тикланаётганга ўхшаётгани яхши нарса, аммо Тожикистонда ўзбекларга нисабатан салбий муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу мамлакатда баъзи ўзбек мактаблари бекитиб ташлангани ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги тожикистонлик ўқувчиларимздан келган хатлар асосида ўз вақтида хабар қилган эди.

Имомали Раҳмон МДҲ раҳбарларининг саммитларидан бирида Ислом Карим билан сўкишишгача бориб, “Самарқанд ва Бухорони барибир қайтариб оламиз” дегани ҳам маълум. Демак, алоқалар тикланишида Тожикистон тарафининг қадамлари жуда муҳимдир.

Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Шу йил 4 январда Абдусалом Азиз вазир этиб тайинлангани ҳақидаги хабаримизда шундай сўзлар бор эди:

“Ислом Карим режимбоши бўлган пайтларда жаллод ролини ўйнаган миршабларнинг жойини алмаштириш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, дейди мухбиримиз. Агар Шавкат Мирзиё Ўзбекистонда жиддий ислоҳотлар ўтказиб, Ички Ишлар Вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик Хизматини демократик принциплар доирасида ишлашга ўтказмаса, инсонларнинг эркинлик даражаси бўйича дунёда охиридан иккинчи ўринда турган Ўзбекистонимиз охирги ўринга, яъни Сомалиянинг ўрнига тушади.”

Айнан ўшандан кейин, аниқроғи, 31 январдаги хабаримизда машҳур Freedom House (Озодлик Уйи) ташкилоти 2016 йил натижалари бўйича жаҳон мамлакатларининг сиёсий ва фуқаровий эркинликлар даражаси бўйича рўйхатини эълон қилди. 195 мамлакат киритилган рўйхатда Ўзбекистон ва Шимолий Корея охиридан 2-3 ўринларни биргаликда эгаллашмоқда. Сомалия эса, биздан ҳам бироз юксалиб, рўйхатнинг охиридан 4 ўринга чиқди. Охирги ўринга, яъни Сомалиянинг ўрнига Сирия тушди. Қирғинбарот уруш ичидаги Сурияни ҳисобга олмасак, “Ҳаракат”нинг 4 январдаги башорати тўғри чиққанлигини, яъни Сомалиянинг ўрнига тушганиимизни кўрамиз.

Умид қиламизки, Шавкат Мирзиё ва Абдусалом Азиз шуларни ҳисобга олиб фаолият олиб борадилар ва Ўзбекистонда миршабошилар энди жаллодбоши эмаслигини кўрсатадилар.