10 June 2017
07:12 - Абдураҳим Пўлатнинг ўзини “Шавкат Мирзиёев Тарафдорлари ва Қўллаш Командаси” деб айтаётганларга мурожаати

Аввалари ҳам кўп марта ёзганимдек, ўзбеклар тарафидан ахлатхонага айлантирилган Фейсбукнинг ўзбекча саҳифаларига кириш ниятим ҳеч йўқ. Аммо, баъзида бир нарсалар қидириб у ерга кириб қоламан ва у ерда ёзилган нарсаларни кўриб, халқимизнинг ибтидоийлигидан қайта-қайта ҳайратга тушаман. Кеча, “Шавкат Мирзиёев Тарафдорлари ва Қўллаш Командаси” номли саҳифага ёзилган нарсаларни кўриб, яна ўша аҳволга тушдим ва чидолмасдан экспромт билан бир нарсалар ёзиб қўйдим. Кейин уни ўзим ўқиб кўрсам, ахир бир кун тарих китобларига кирадиган фикрларни айтибман. Тарихчиларга қидиришни осонлаштириш учун ўша сатрларни “Ҳаракат” Агентлигининг сайтига ҳам қўйишга қарор қилдим. Мана ўша постингим.

* * * * *

Эй, ўзбеклар!! Ўзбекистон ҳатто СССР пайтида ҳам унинг таркибидаги энг кучли республикалардан бири эди. Марказий Осиёда ҳаммадан олдинда эдик. Саноат соҳасида ҳам, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам. Табиий бойликлар бўйича ҳам ҳаммадан бой эдик. Руслар бизни босиб олмасдан олдин ҳам ҳаммадан олдинда эдик, чунки, ўзбекларда тадбиркорлик, кўпроқ савдогарлик қонда бор эди. Бошқалар ҳали отдан тушмаган эди.

Мустақилликдан кейин ҳамма нарсада орқага кетмоқдамиз. Ўзбек профессорлари қозоғистонлик ва россиялик дворниклардан кам маош оладиган ҳолга тушганини биласизларми? Бизда ўртача ойлик 90 доллар, Россияда 1 минг атрофида, Қозоғистонда 700 атрофида эканлигини эшитганмисизлар? Сони миллионга яқин ёки кўп бўлган ўзбеклар Ўзбекистонда нон тополмасдан Россияда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда мардикорлик қилаётганлариничи? Мен раислик қиладиган "Бирлик" Партияси ўша мардикорларга ёрдам бериш билан шуғулланадиган вазирлик яратиш кераглигини биринчи марта айтганига 20 йилдан ошди. Ҳозир шу масалалар бўйича шуғулланадиган Агентлик тузилди, аммо "Бирлик"га нега раҳмат дейилмаяпти?

25 йилик мустақиллигимизнинг 13 йилида (!!!!!!) Бош вазир Шавкат Мирзиё (!!!!) бўлган. Айнан шу 13 йил ичида ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ичкки Маҳсулот ҳажми бўйича қозоқлардан 5,5 баравар орқдалигимиз 8 бараварга чиқди. Тўғри Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари Қозоғистонни ҳам уриб, ўша фарқ бирозгина камайди,яъни қозоқларда аҳвол бироз, қайтариб айтаман, бироз ёмонлашди. Бизники - ўша-ўша!!!!

Шавкат Мирзиёни қўллаб-қувватлаш ва шундай команда тузиш шахсий ишларинг. Аммо, "Шавкат Мирзиё 13 йилдан бери оғир аҳволимизни тилга ҳам олмагани, ҳозир ҳам олмаётгани - уни тузатиш учун ҲЕЧ НАРСА ҚИЛИШНИ ЎЙЛАМАЁТГАНИ эмасми?" деб ўйлаб ҳам кўролмайдиган даражада ақлсизмисизлар?

Нима Бош вазир Шавкат Мирзиё аҳволимизни кўриб туриб, Ислом Каримга бир оғиз гапиролмайдиган даражадаги қул эди демоқчимисизлар. У кишини бунчалик шарманда қилмаларинг!

Хуллас, ҳозир озгина ёмон аҳволда эмас, ғариб аҳволдамиз, бундай аҳволдан чиқиш учун ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ва ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР КЕРАК, Шавкат Мирзиё БИРОНТА ЖИДДИЙ ИСЛОҲОТ қилишни бошлагани, ҳатто қилмоқчи бўлиш НИЯТИ БОРЛИГИНИ кўрсатиб берларинг, мен дарҳол бу командага қўшиламан. Акс ҳолда, келажакда ҳам ўзбекларни аҳмоқлигининг ЭНГ ЯХШИ ИСБОТИ сифатида ўзбеклар ШУНАҚА КОМАНДА тузишгача борганини БУТУН ДУНЁ БАРМОҚ БИЛАН КЎРСАТАДИ ва устимиздан кулади.

Гап фақат иқтисодий аҳволимизда эмас, ҳаётнинг бошқа томонлари ҳам бор. Масалан, Ўзбекистонимиз инсон ҳуқуқларининг ҳимояланиш даражаси бўйича (қўполроқ қилиб, демократия даражаси бўйича, десак ҳам бўлади) дунё давлатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда эканлигини биласанларми ўзи? Наҳотки, Шавкат Мирзиё ҳокимиятга келгандан кейин охиридан 3-чи бўлган Сомалиянинг ўрнига чиқиб қолдик ва мен буни билмай қолдимми? Шундай бўлса, зўр бўларди-ку!!!!!!! Аммо, ҳамма нарса аксинча, ўтган йили ўтказилган масхарабозлик президентлик сайловларини ҳам ҳисобга олиб, бизни охиридан 3-чи ўриндан 2-чи ўринга туширишди. Яъни, аҳволимиз янада ғариблашди.

Унитмаларинг, улуғ Навоий шундай деган:

Одам эрсанг, демагил одами
Ониким йўқ халқ ғамидан ғами.

Қизиқ, сизларни халқ ғами қизиқтирадими? Сиз ўзи кимсиз?

Бундай масалалар билан қизиққан одамлар бизнинг harakat.net сайтини ва унинг Фейcбукдаги саҳифасини ўқишлари керак (бошқа йўлингиз йўқ) - facebook.com/harakat.net