09 June 2017
16:25 - Остонада ШҲТнинг саммити биринчи марта 8 лик масхарабозлиги сифатида ўтди

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити Остонада кеча бошланиши керак эди ва Путиндан бошқа ҳамма лидерлар кеча яқин Остонага келиб бўлганларди. Аммо, Путин, сабабсиз бўлмаса керак, жуда кеч келди ва саммит бугун бўлди.

Остонада бўлаётган воқеалар бўйича дақиқама-дақиқа хабар бериб турган Казинформнинг хабарларидан ҳам саммит қачон бошлангани ва қачон битганини тушуниб бўлмайди. Тахмин қилиш мумкинки, бу ерда хабарчиларнинг айби йўқ, ШҲТ раҳабарларининг ўзи нима қилаётганларини тўла тушуниб етаётганлари йўқ.

Қаранг, 6 аъзо (Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) тарафидан 2001 йили тузилган бу ташкилотга 2005 йили Ҳиндистон ва Покистон кузатувчи сифатида қабул қилинган ва 10 йиллик жанжал каби музокаралардан кейин, яъни 2015 йили Уфада ўтказилган саммитда Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга аъо қилинган эди. Уларни аъзоликка қабул қилиш қарорида "аъзолик ҳужжатларини расмийлаштиришни бошлаш" каби мужмал сўзлар борлиги ҳам маълум. Ўша сўзлар туфайли бўлса керак, ШҲТнинг Тошкентда 2016 йили ўтказилган саммитида бу икки давлат ҳали ҳам гўёки аъзо эмасди.

Бугун ҳам саммит олтилик сифатида бошланди, очилиш маросимида 6 лидернинг ҳар доим бир қатор бўлиб тушадиган расми тарқатилди. Аммо, саммит ишини саккизлик сифатида битирди ва саккизликнинг расми эълон қилинди.

Бу нарсаларни бунчалик тафсилотли шаклда беришимизнинг ягона мақсади – ШҲТ тузилгандаёқ масхарабозлик ташкилот бўлгани, ҳозир масхарабозлик даражаси янада ошмоқда эканлигини кўрсатишдир. Кашмир туфайли феълан уруш ичида бўлган икки ядровий давлат – Покистон ва Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо қилиниши, Афғонистон, Беларусия, Эрон, Мўғулистон кузатувчи, Бангладеш, Сирия, Миср, Арманистон, Озорбайжон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка кузатувчиликка номзод ёки диалог учун ҳамкор каби аҳмоқона статусларга эга эканликлари – масхарабозликнинг энг яхши кўрсатгичидир.

Бундай масхарабозликда иштирок этишдан боши осмонга етган одам фақат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё бўлса керак. Чунки, у биринчи марта, масхарабозлик руҳидаги бўлса ҳам, бундай катта йиғилишда иштирок этмоқда.

Ҳа, дарвоқе, маҳаллий вақт билан соат 16 лар атрофида битган саммитда 8 президент Остона Декларациясини имзоладилар. Балки, бунда ҳам муҳим бўлган нарса, Хитой ШҲТ ташкилий ишларини юритиш учун 1,4 млн доллар пул бериш ниятини эълон қилди. Долларнинг эгаси бўлган АҚШда ўрта миён хусусий уй ярим миллион доллар атрофида эканлигини ҳисобга олиш ва Хитойнинг бу қарорини тиз чўкиб олқишлаш керак.