08 June 2017
06:40 - Туркия исломлашиш йўлида: Ифторлик, Конституцияга зид равишда, давлат тадбири даражасига кўтарилди

Шу кунларда Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ҳар куни давлатнинг расмий ташкилотлари тарафидан берилаётган ифторликларда қатнашиб, айнан шу ерда нутқ сўзламоқда. Ваҳолангки, Конституцияга кўра, дунёвий/секуляр бўлган мамлакатда ифторлик давлат савиясидаги эмас, диний, яъни давлат нуқтаи назаридан, шахсий ишдир.

Ражаб Эрдўғон ва унинг исломчилар ташкилоти – Адолат ва Тараққиёт Партияси олиб бораётган сиёсат ислом фанатикларини экстремистик ҳаракатларга рағбатлантирмоқда.

Аввалги хабарлармиздан маълумки, Туркиянинг катта шаҳарларида калтароқ кўйлак кийган аёлларни таҳқирлашга уруниш ҳоллари кўпаймоқда. Яқинда бир одам автомобилини трамвай йўлига қўйиб, шу ердаги мачитга кириб кетгани, ўзини оқлаш учун “намоз қилиш муқаддас иш экан, арабамни (турклар автомобилларни араба ҳам дейишади) қаерга қўйишни ўйлайманми?” дейишгача борганини билдирган эдик. 2-3 кун аввал турк газеталари яна бир воқеани хабар қилдилар. Бир одам трамвай йўлига жойнaмозини ёзиб намоз қилишга бошлабди. Бу ерга яқинлашиб келган трамвайнинг ҳайдовчиси у одам намоз қилишини индамасдан кутиб турибди. Атрофдагилар бу воқеани дарҳол расмга олиб, газеталарга юборибдилар ва расмлар эълон қилинди.

3 июнда Анқара Университетинг Алоқа факультети жойлашган Жебечи шаҳарчасида ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайдиган ва рўза тутадиган талабалар гуруҳи рўза тутмаётганларга ҳужум қилгани, қарши тараф ҳам бўш келмагани ва чиққан жанжалда 3 киши яраланганини ҳам хабар қилган эдик.

“Миллиёт” газетаси кеча Ражаб Эрдўғон Ички Ишлар Вазирлигининг Махсус Операциялар Хавфсизлик Бошқармаси тарафидан берилган ифторликда иштирок этгани ва катта нутқ сўзлаганини билдирди. Эрдўғон бош бармоқни расмдаги каби букиб, баъзи мусулмон давлатларида ишлатиладиган Рабия ишоратини танқид қилган дунёвий мухолифатчиларга ташланган ва Туркия ичида ҳамда унинг атрофида бўлаётган воқеалар ҳақида сиёсий нутқ сўзлаган. “Миллиёт” газетасида бундай нарсаларга ҳеч қандай таҳлил бермаётгани, ифторлик масхарабозликка айлантирилаётганини ёзмаётгани  кўрсатмоқдаки, ҳукуматнинг матбуот ва журналистларга босими туфайли бу газетада ҳам қўрқув бошланган.

Кўриб турибмизки, Туркия шаҳдам қадамлар билан исломий давлатга айланиш, тўғрироғи, ўрта асрларга қайтиш йўлидан кетмоқда. Бунинг охири Туркиянинг ўзи учун, Турк Дунёси ва қолаверса, бутун Ислом дунёси учун ёмон бўлиши муқаррардир.

Расмда – минбардан гапираётган Ражаб Эрдўғоннинг орқасидаги плакатда “Ифторлик Программаси, 7 июнь (туркча – Haziran), полиция, хавфсизлик” сўзларининг парчаларини кўрмоқдасиз.