08 June 2017
01:04 - Осон эрмас, бу майдон узра турмоқ: Самарқандда ҳуқуқ ҳимоячиси жазога тортилди, “Бирлик” лидери бу ҳақда нима дейди?

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ҳайъати Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Самарқанд вилояти бўлими раиси Алиқул Юсуповга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди. Алиқул Юсупов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 192-моддаси (Рақобатчини обрўсизлантириш) билан айбланиб, шу йилнинг 27 март куни жиноят ишлари бўйича Нарпай тумани суди томонидан 2 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Шунингдек, ҳуқуқ фаолига нисбатан энг кам иш ҳақининг 115 баравари миқдорида жарима ҳам солинган. Мана энди вилоят суди бу ҳукмни тасдиқлабди.

Жиноят иши материалларига кўра, аввал ҳам фирибгарлик жинояти билан судланган Юсупов Алиқул Солиевич бир неча маҳаллий фуқароларнинг ишончига кириб, ўзининг инсон ҳуқуқлари ташкилотида масъул лавозимда ишлашини айтиб, улардан пул олган. Кейин у олган пуллларини қайтармай, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган.

Фуқаролик жамияти вакиллари орасида ҳам бундай товламачиликни касб қилиб олганлар борлиги ачинарли ҳолдир. Балки, бу нарса мамлактимизнинг кассаллигини исботловчи яна бир фактдир.

Аммо, шуни тан олиш керакки, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, қинғир ишлар қилиш тангри яратган одамларнинг табиатида бор. Одамларни қинғир ишлардан тўхтатишнинг, балки, қинғир ишлар қилишни минималлаштиришнинг йўли – демократиядир. Мен 10 йилча аввал бўлган бир қатор хунук воқеалардан кейин, ҳуқуқ ҳимоячилари гўёки бозорлардаги камчиликларга аралашмаслиги кераклигини, уларининг иши бутунлай бошқа соҳада эканлигини айтишга мажбур бўлган эдим.

Маълумки, мамлакат оғир аҳволда бўлганда майдонга Остап Бендер каби масхарабозлар чиқишга бошлайдилар. Ҳозир замон ўзгарди, энди Остап Бендерлар ҳуқуқ ҳимоячиларининг, ҳатто сиёсатчиларнинг сафига кириш ҳаракатида бўлаётганлари ҳам сир эмас. Ҳақиқий инсонлар учун, Алишер Навоий айтганидек, “Осон эрмас, бу майдон узра турмоқ.”