03 June 2017
22:29 - Шавкат Мирзиёнинг Тошкентдаги “Ҳалқ қабулхонаси” одамлар одам ҳисобланмайдиган жой эканлигини кўринг

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Марказий бошқаруви аъзоси Исроил Ризо бир шикоятчига ёрдам бериш учун у билан Президент Шавкат Мирзиёнинг Тошкендаги “Ҳалқ қабулхонаси” боргани ҳақидаги бизга юборган 5 варақлик хатини, ўқувчиларимизни зериктирмаслик учун, сал кам икки баравар қисқартириб, эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Бу хат, қисқартиришимизга қарамасдан, Шавкат Мирзиёнинг “Ҳалқ қабулхонаси” одамлар одам деб ҳисобланмайдиган масхарабозхона эканлигини кўрсатиб турибди. Мана танишинг ўша хат билан.

* * * * *


Президентнинг Ҳалқ қабулхонасидаги ўтган бир куним ёхуд фелетончиликка тақлид


 (Ишқилиб, бу хатни Давлат Маслаҳатчиси Т.Худойберганов ўқиб қолмасин)


Вилоятимизнинг Мирзаобод туманидан уйи ортидаги 20 сотих ташландиқ ер майдонида боғ яратиш мақсадида туман, вилоят ҳокимлигидан сўнг “Эзгулик”ка арз қилган ҳамюртимиз О.Бобоевнинг мурожаатидан сўнг Тошкентдаги “Халқ қабулхонаси”га келдик. Ҳолбуки, бунгача Мирзаобод тумани ҳокимининг 1-ўринбосари Б.Ҳайдаров билан шахсан учрашганимиз ҳам, бошқа таваллоларимиз ҳам натижа бермаган. Аксинча, президентга ёзган хатларимиз, мурожаатларимиз копток бўлиб, ҳокимликка келавергач, шу йилнинг 24апрель куни фуқаро О.Бобоев билан соат 10:30 да президентнинг “Халқ қабулхонаси”га етиб бордик.

Бир неча миршаб қўриқлаётган мўжазгина қоровулхона олдидаги ерда, бетон девор тагида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган эркаку-аёл, ёшу қари, турли-хил миллат вакиллари, чарчоқ аломатлари сезилиб турган, айримлари ўта асабий ҳолатдаги, айрим ёш оналарнинг қўлларида биғиллаб йиғлаётган норасида гўдаклари бор оломон ичига кириб бордик...

...Озроқ муҳитга мослашиб, вазият билан танишиб, шуни билдимки, мен 187-чи бўлиб рўйхатга ёзилибман. Қоровулхона ёнидаги оломон ёнига яна келдик ва уларнинг ғаройиб суҳбатларини тинглай бошладик.

Муаммолари ҳам турли-туман: Кимнидир фирибгарлар чув тушириб кетган, баъзилар Ҳокимлик тарафидан бузилган уйи учун пул ололмаган, Паркент туманидан келган фермер аёлнинг эса ерини тортиб олишган, ва ҳоказолар...

Бизни боришимизнинг сабаби, юқорида айтилганидек, ёш ғайратли йигит (О.Бобоев) 3 ойдан буён турар-жойининг орқа томонидаги 20 сотих ташландиқ ерни ўз ҳисобидан ўзлаштириб боғ яратиш мақсадида туман Ҳокимлигига тинимсиз қатнашига қарамай, ерни қонуний ололмаётгани эди.

Шу вақт қоровулхона эшиги қўққис очилиб, қоровул миршабнинг норози қиёфали дарғазаб юзи кўринди. У эшик олдидаги тирбанд оломонни туртиб-туртиб, зинадан пастга тушириб, ўзича «тартибни тиклагач», навбатдаги 10 чоғли фуқароларнинг паспортини рўйхат бўйича йиғиб олгач, ичкарига кира солиб, эшикни ички томонидан қулфлаб олди... Орадан 10-15 дақиқа ўтгач, негадир ичкарига кириб кетганлардан 2 нафар аёл ранг-рўйи ўчиб, дарғазаб қиёфада чиқишди ва эрталабдан тўпланиб турган оломонга қарата, кучли ҳаяжонда “эй, одамлар, бу ерда турманглар, фойдаси йўқ, бекорга вақтларингни сарф этманглар, ҳеч нарса ҳал бўлмайди, булар фақат мурожаатлар сони ва ҳисоботи учун ўтиришибди” дея ҳайқиришди.

Орадан бироз вақт ўтиб, тирбанд автомашиналар оралаб, сиренаси ёқилган тез тиббий ёрдам машинаси ҳаммани ваҳимага солиб, қоровулхона ёнига етиб келди, 2 шифокор ичкарига кириб кетди. Маълум бўлишича, кекса мурожаатчилардан бирининг тоби қочиб қолган экан.

Навбатим яқинлашгач, қоровулхона ён атрофида келган фуқароларга консалтинг хизмати кўрсатадиган бирон-бир шаҳобча йўқлиги сабаб, нусха кўчирадиган консалтинг нуқтаси излаб йўлга тушдим. Яқин орада бундай хизмат йўқлиги боис ниятимга етганимда соат 16:45 эди… Соат 17:15 да навбатдаги 10 таликка ҳам навбат келиб, мен ҳам қоровулхона ичкарисига олиндим.

Ички бинога киргач тепасига рус тилида “Приём граждан” деб ёзиб қўйилган хонага кирдим. Бу хонада ҳам 25-30 чоғлик “аризачилар” бўлиб, ўзаро навбат талашишар эди. Ниҳоят, соат 17:55 да менга ҳам гал етгач, навбатдаги эшик тепасига ҳам фақат рус тилида «Приём граждан» деб ёзиб қўйилган бошқа торгина хонага киргач, бир аёл ва эркак дастлаб менинг шахсий маълумотларимни компютерга, сўнгра эса журналга қайд этишиб, мурожаатим мазмуни билан танишгач, менга 1-қават дахлизи охиридаги 1-хонага киришим лозимлигим айтилди ва қўлимга бир вароқ қоғоз тутқазишди…

Мен киришим лозим бўлган хона эшиги (бу эшикда ҳеч қандай ёзув ҳам йўқ эди) олдида навбат кутиб ўтирган 5-6 чоғли инсонлар қаторидан жой олдим. Соат 18:00. Хавотирга туша бошладим. Чунки одатда давлат идораларида иш вақти соат 18:00 да тугар эди. Ахир кун бўйи навбат кутиб, энди навбатинг келганда “эртага келинг” деган калима одамга алам қилади-да.

…Ичкарига кириб кетган бир киши негадир паришанхотир бўлиб қўлида бир даста қоғоз билан чиқиб кетди. Унинг ортидан юзлари тунд, ёши 70 ларни қоралаб қолган бошқа киши қўлида сигарет билан ташқарига чиқиб кетди.

…Ва ниҳоят соат 19:00 га етгач (даҳлиз тепасида электрон катта соат ўрнатилган эди) эшикни тақиллатмай очиб жаҳл билан ичкарига бостириб кирдим. Оғир сукунат. Ниҳоят хужжатларга қараб, мулозим тилга кирди: “...туман Ҳокимлиги чиройли жавоб берибди-ку?” деди. Мен шу чиройли жавобдан сўнг ҳам фуқаро О.Бобоев 3 ойдан бери сарсон бўлиб юрганини айтдим.

Ишим битмаслигига кўзим етгач, у олиб қолган мурожаатимнинг ўзимдаги бир нусхасига имзо чекиб, тасдиқлаб беришини сўраб, гапни қисқа қилдим. Бу илтифотсизлигимдан мулозим чунонам портлаб кетди-ки, юзлари янада дарғазаб тусга келиб: “Нима, сен Сирдарёнгга автобусда кетмайсанку (?), мана ҳисоботга киритдим, шунинг ўзи етмайдими сенга?!.” деб ўшқиргач, қандай қочганимни билмай қолдим…

Ташқи ховлига чиққанимда соат 19:30 бўлган эди. Миршабхонада эса, бир кампир ичкарига киритишни зор қақшаб, навбатчи миршабдан ёлвориб, ўзини узоқдан келганлиги, тунаб қолишга жойи йўқлигини айтиб, ялинар, миршаб эса иш вақти тугаганлигини айтиб, унга қаршилик кўрсатар эди.

Хуллас, кечки соат 20:00 ларда биз Тошкентдан Гулистон шаҳримизга қараб йўл олдик.

Ҳалқ қабулхонасига мурожаатимдан шу кунгача 22 кун ўтгач, шикоятчи билан боғландим. Афсуски, бирор ҳаракат бўлмабди. Мирзаобод тумани ҳокими Б.Мирзабеков ҳамда унинг 1-ўринбосари А.Хайдаровлар 20 сотих ташландиқ ерни О.Бобоевга хужжатлаштириб бериш учун тўртинчи марта ишчи гуруҳи тузилаётганлигини маълум қилишибди.

Исроил Ризо,
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти
Марказий Бошқаруви аъзоси

“Ҳаракат”: Шавкат Мирзиёнинг Тошкентдаги “Ҳалқ қабулхонаси” оддий масхарабозхона эканлигини хабарларимизда бир неча марта тилга олгандик. Исмоли Ризонинг бу хати ҳам бизнинг фикримизни тасдиқламоқда. “Бирлик” Партияси аъзоси, партиянинг Сирдарё ташкилоти раиси вазифасини ҳам бажараётган Исмолил Ризо Тошкентдаги “Ҳалқ қабулхонаси”да олинган биронта расм юбормабди, балки, у ерда расм ҳам олдиришмас. Шу сабабли бу хабарга Исроил Ризо ҳам ичида бўлган “Бирлик” Партияси раҳбарияти аъзолари гуруҳи 2012 йил 17 ноябрда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонасида қабул қилинаётган пайтда олинган расмни қўймоқдамиз.

Партиянинг Қашқадарё вилояти ташкилоти раҳбарларидан Зулфиқор Мирзо олган расмда чапдан ўнгга - Мусажон Бобожон (Андижон вилояти ташкилоти раиси), Ҳайит Абдулла (Тошкент вилояти ташкилоти раиси), Исроил Ризо (Сирдарё ташкилоти раиси), Адҳам Муҳиддин (Фарғона ташкилоти раиси), Дайнов Ташанов (Партия раисининг ўринбосари), Ондрей Шимек (ЕИ ваколатхонаси сиёсий бўлими раҳбари) ва Васила Иноят (Партитянинг Бош Котиби ва “Эзгулик” Жамиятининг раиси).