29 May 2017
19:00 - Сирдарёда амалдор арзимаган пора билан қўлга олинди, катта порахўрлар билан ким шуғулланади?
Сирдарё вилояти Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари мазкур вилоятнинг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Алишер Норбоевни 3500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтда ушлашибди. У кўчмас мулк объектларини "ноль" қиймати бўйича расмийлаштириш ва олиб беришда ёрдамлашиш эвазига таъмагирлик қилган экан.

"Зиммасида фойдаланилмаётган корхоналарда ишлаб чиқаришни тиклаш мажбурияти бўлган бу мансабдор воситачи Д.Қурбонов орқали пора олган. Норбоев дастлабки суриштирув чоғида қилмишига иқрор бўлди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда", - деб ёзмоқда маҳаллий матбуот хуфяларга иқтибосан.

Бу порахўрнинг қўлга олиниши ҳам яхши иш, дейди мухбиримиз. Аммо, Ўзбекистондек давлатнинг иқтисодиёти, қолаверса, давлатнинг ўзи порахўрлик ва коррупциядан ўлмоқда. Давлатнинг иқтисодиёти ва давлатнинг ўзини ўлдираётган катта ўғрилар билан ким шуғулланади? Ҳукумат улар билан тўла. Шавкат Мирзиё, тахмин қилиш қийин эмаски, уларни номма-ном билади. Балки, шу сабабдан катта ўғриларга тегилмаётгандир?

Шундай бўлса, шахдам қадамлар билан ўлим йўлида давом этаверамиз.