29 May 2017
18:50 - Филиппинларда ҳукумат қўшинлари жиҳодчилар билан ростакам уруш олиб бормоқдалар
Аҳолисининг озгина қисми мусулмон бўлган Филиппинлар давлатининг президенти ўз мамлакатида исломий жангарилар оёқланиши туфайли Россияга ташрифини кесиб, уйига қайтгани ҳақида 24 май куни “Ҳаракат” ҳам хабар берган эди. Хўш, ҳозир у ерда нима бўлмоқда?

Жаҳон ахборот воситаларидан олинган маълумотларга кўра, ороллардан иборат бўлган бу мамлакатнинг Минданао оролида Президентнинг фармони билан ҳарбий ҳолат эълон қилинган. Жиҳодчилар оролнинг 200 минг киши яшайдиган бош шаҳри Маравини босиб олганлар, ҳукумат қўшинлари билан жиҳодчилар ўртасидаги ростакам урушда тинч аҳолидан 18 киши, ҳарбийлардан 13 ва полициядан 4, жиҳодчилардан 61 киши ҳалок бўлди. Жиҳодчилар кўп одамни гаровга олиб, уларнинг кўпчилигини отиб ўлдирганлари айтилмоқда. Жиҳодчиларнинг ичида чет элликлар ҳам бор.

Мамлакат аҳолисининг умумий сони 100 миллиондан бироз кўпроқ, улардан 92 фоизи насронийлар, 5 фоизи мусулмонлар. Улар Моро қабиласига мансуб. Ўтган асрнинг 90-чи йилларида ўртага чиққан “Моро Ислом Озодлик Фронти” аввалига мусулмонлар яшайдиган ҳудудларни ўзи ичига олувчи мустақил давлат яратиш учун кураш бошлади, аммо, кейинчалик, минтақавий мухторият талаб қилиш йўлига ўтди. 2014 йилда жиҳодчилар кўпроқ ИШИД номи билан танилган Ислом Давлати, яъни Халифаликка бўйсунишга қасамёд қилдилар.

Ҳукумат қўшинларининг аҳволи оғир бўлса керакки, Президент Родриго Роа Дутерте ўз мамлакатидаги бошқа қуролланган исломий ва ҳатто коммунист маочи гуруҳларга мурожаат қилиб, уларни “Моро Ислом Озодлик Фронти”га қарши урушга чақирди. Бунга рози бўлган гуруҳларни мамлакат армияси сафига олишга ҳам рози эканлигини билдирди.

Расмда, табиий, ҳукумат қўшинларини кўрмоқдасиз.