29 May 2017
06:15 - Збигнев Бжезинский ўлимидан олдин Евросиë Иқтисодий Иттифоқи ҳақида нима дегани ўзбекларни қизиқтириши керак (Тузатилган вариант)
Асли поляк, аммо АҚШ Президенти Жимми Картернинг миллий хафсизлик масалалар бўйича маслаҳатчиси (1977-1981 йиллар) даражасигача кўтарилган Збигнев Бжезинский икки кун аввал 89 ёшида оламдан ўтди. У президент маслаҳатчисилигидан кейин ҳам АҚШдек давлатнинг халқаро сиёсатини белгилашда иштирок этди, дунёда бўлаётган жараёнларга баҳо беришда ва уларнинг келажагини башорат қилишдаги усталиги билан ҳамманинг диққат марказида турди.

У ўлимидан 2 ой аввал ўзбек аслли Россия миллиардери Алишер Усмонов эгаси бўлган gazeta.ru сайтига берган интервьюси - унинг матбуотга охирги чиқиши бўлган экан. Унинг АҚШ-Хитой-Россия учлиги муносабатлари, хусусан, Россия Президенти Владимир Путинга берган баҳолари жуда қизиқ. Аммо, унинг Евросиë Иқтисодий Иттифоқи ҳақида берилган саволга берган қисқа жавоби ўзбеклар учун муҳимлигини ҳисобга олиб, айнан ўша савол-жавоб ҳақида гапирмоқчимиз. Мана ўша савол-жавоб:

* * * * *

Журналист: Евросиë Иқтисодий Иттифоқининг кенгайишига қанда қарайсиз? Биламизки, Сиз бу ташкилот ғоясини танқид қилгансиз. Ҳозирги лидерлар кетгандан кейин ҳам у қоладими?

Бжезинский: Менинг Евросиë Иқтисодий Иттифоқи яна 10-20 йил оёқда қолишига шубҳам бор, айниқса, бу вақт ичида унинг лидерлари ўз дунё қарашларини ўзгартирмасалар. Бундан ташқари, Россия билан Европанинг ғарбий қисми ўртасидаги алоқалар нормаллашган сари ва Россиядаги ҳокимият ўзини евросиёлик эмас, европалик давлат эканлигини тушунган сари, ЕИИнинг кераги бўлмай қолади.

* * * * *

Бир қарашда, бу масалада Збигнев Бжезинский ҳақга ўхшаб кўринади. Аммо, аслида, унинг асосий хатоси – у Евросиё минтақасидаги Россиядан бошқа давлатларни, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатларини Европадан тамомийла бошқача кўраётганидир. Тўғри, Европа ўз вақтида жуда кўп Осиё ва Африка мамлакатларини босиб олган бўлса-да, у ерларни замонавийлаштириш, очиғини айтсак, ғарблаштиришга ҳаракат қилмади. Европа ўзи босиб олган мамлакатларни соғиш билан овора бўлди, холос. Тўғри, мустамлакачиларнинг яна бошқа қанақа мақсади бўлиши мумкин?

Яна тўғри, Россия ҳам ўзи босиб олган мамлакатларда айнан шундай сиёсат олиб борди Аммо, ҳокимиятга коммунистлар келгач, ҳамма нарса ўзгарди. Яъни, Россия ўзининг мустамлакаларида ҳаёт тарзини ўзгартиришни ҳам ўйламаган бўлса, коммунистлар ҳамма нарсани ўзгартириб ташладилар ва Марказий Осиёни замонавийлаштириб, тўғрисини айтса, ғарблаштириб юбордилар. Балки, бу нарса, коммунистлар Марказий Осиё ва Кавказда қилган ишларнинг ичидаги энг муҳимидир.

Булардан ташқари, ёнимизда Марказий Осиёнинг ҳаммасини ва Россиянинг эса катта қисмини ютиб юборишга тайёр бўлган Хитой борлигини ҳисобга олсак, вазиятга баҳо беришда ва келажагимизни ўйлашда, кўринишидан, Марказий Осиёда минтақа аҳолисининг ярми яшайдиган Ўзбекистондек давлат борлигини ҳам билмайдиган Збигнев Бжезинскийдан ҳам устароқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳозир Марказий Осиёнинг икки давлати, Қозоғистон ва Қирғизистон, ЕИИнинг аъзоси, яқинда Тожикистон ҳам аъзо бўлади. Туркманистон ва ўрта асрларда яшаётган Афғонистонни ҳисобга олмасак, Ўзбекистон ЕИИнинг қуршовида қолади. Тожик аслли Ислом Карим атайлаб бизни шундай яккамоховга айлантирганини ҳар қандай ақли расо одам тушуниши керак. Бунинг устига, Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эмас, юқорининг амри билан яшайдиган катта колхоз. Шу сабабли, у истаса ҳам ҳозир халқаро ташкилотларга аъзо бўлолмайди. Чунки, ҳар қандай халқаро ташкилот мавжуд қонунлар доирасидагина иш олиб боролади. Ҳуқуқий бўлмаган давлатда бор қонунлар ҳам ишламайди.

Демак, гап фақатгина Ўзбекистоннинг ЕИИга аъзо бўлиш ёки бўлмаслигида эмас, аслида, бу ҳам муҳим масала, гап Ўзбекистон ўзининг минтақавий стратегиясини белгилаб олиши кераклиги ҳақида.

Шундай экан, ЕИИнинг келажаги, Збигнев Бжезинский башорат қилаётганидек, Россиядаги ҳокимият ўзини евросиёлик ёки европалик давлат эканлигини тушуниб етишига эмас, “Ҳаракат” башорат қилаётганидек, Ўзбекистон қайси йўлдан кетишига боғлиқ.

Ўзбеклар бу масала устида жиддий ўйлашлари керак. Бизга кўра, ҳозир ЕИИга аъзо бўлиш – Ўзбекистонни ҳуқуқий давлатга айлантириш ва ҳақиқий бозор иқтисдиётига ўтиш йўлида ижобий қадам бўлиши муқаррардир.