29 May 2017
02:24 - Яқинда Исроилда радиокарнайлар орқали азон айтиш тақиқланган эди, ҳозир Мисрда таровиҳ намози қироатларини ўқиш тақиқланди
Ҳа, бироз аввал Исроилда мачитларда азонни радиокарнайлар орқали ёки мачит минарасидан баланд овоз билан атрофдаги одамларга етказишни тақиқлаган эди. Ҳозир ҳамманининг уйида соатдан ташқари, ҳар бир одамнинг қўлида соатни ҳам кўрсатувчи мобил телефонлар бор эканлигини, глобаллашув асрида мачитлар, қолаверса, ҳамма ибодатхоналар атрофида турли дин вакиллари яшаётганини ҳисобга олинса, бундай тақиқ мантиқли кўринади.

Мана энди, Мисрдек давлатда мусулмонлар рамазон ойида хуфтон ва витир намозлари ўртасида қиладиган таровиҳ намозининг қироатларини радиокарнайлар орқали атрофдагиларга бериш бутун мамлакт бўйлаб тақиқланибди.

Ҳукуматнинг бу қароридан норози бўлганлар борлиги табиийдир. Хабарларда айтилишича, мамлакат парламенти Дин Ишлари Комиссияси раиси Усаме ел-Абди бу хусусда шундай дебди: “Рамазон мусулмонлар учун севинч, бахт ва Қуръон ойидир. Инсонлар гўзал Қуръони Каримнинг тиловатларидан маҳрум этилмаслиги керак”.

Миср Вақфлар Вазири (муфтийси бўлса керак – “Ҳаракат”) Муҳаммад Мухтор “Турли мачитлардан келаётган овозлар қоришиб кетаётгани ҳақида шикоятлар бор эди” деб тақиқни оқлашга ҳаракат қилган. Унинг гапларида ҳам жон бор.

Нима бўлганда ҳам, дейди мухбиримиз, вақт ўтиши билан ҳаётнинг ҳамма соҳаларида кўп нарса ўзгаради, динда ҳам шундай бўлиши табиийдир. Албатта, Имон ўзгармайди, аммо ташқи кўринишларнинг ўзгаришига кўникмасдан бошқа йўл йўқ.