27 May 2017
20:15 - Шавкат Мирзиё меҳмонларни қабул қилмоқда, кадрларни алмаштирмоқда, Тошкентда қуриладиган истироҳат боғи билан танишиш ҳам унинг кун тартибида

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ташқи Ишлар ва Халқаро Ҳамкорлик Вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаённи 24 май куни, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешни 25 май куни қабул қилди. Бу учрашувлар ҳақидаги хабарлар умумий гаплардан иборат. Иккала хабарда ҳам мезбоннинг меҳмонлар билан тушган расми йўқ. Меҳмонларнинг алоҳида расмларигина бор.

Биринчи учрашувда диққатга сазовар нарса - Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистоннинг Имом Бухорий Халқаро Илмий-Тадқиқот Маркази ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб қувватлаши бўлса, иккинчи учрашувда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий корхоналарни ташкил этиш муҳимлигининг тан олиниши бўлибди.

Шавкат Мирзиё бир неча кун аввал Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси раисини бошқа ишга ўтказган эди, кеча ўша бўшаган ўринга Тошкент Молия Институти (ТМИ) ректори Баҳодир Бегаловни тайинлади. Кечанинг ўзиёқ бу институт ректори курсисиси Низомиддин Ҳайдаровга топширилди. У 2010 йилдан бери ТМИнинг илмий ишлар бўйича проректори бўлиб ишлаган, иқтисодиёт фанлари доктори экан.

Шавкат Мирзиё Тошкентда кўнгилиочар марказлари қуриш масаласини ҳам унутмаяпти. У кеча, яъни 26 май куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида қуриладиган истироҳат боғи лойиҳаси билан танишди (расмда).

Боғ ҳудуди 10 гектар бўлиб, бу ерда кўнгилочар масканлар, замонавий аттракционлар, бионик айвонлар, қишки боғ, чархпалак, мусиқали фавворалар, скейтборд ва чанғи учиш жойлари, велосипед йўлаклари, истироҳат боғи бўйлаб дор йўли, кафелар, 5 қаватли автомобиллар турар жойи қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун биринчи босқичда 18 миллион доллар, иккинчи босқичда 22 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиши мўлжалланмоқда. Боғнинг биринчи босқичини 2018 йилда, иккинчи босқичини 2019 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.