25 May 2017
19:27 - Русча-амирконча масхарабозлик: АҚШдан Қримга келган ҳуқуқ ҳимоячилари делегацияси фақат яхшиликлар борлигини тан олибди
Русларнинг zelv.ru сайти 20 май куни эълон қилган хабарида Қримга АҚШдаги ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг вакилларидан иборат бўлган делегация келганини айтар экан, делегаци раҳбари, АҚШдаги Фуқаровий Ташаббуслар Маркази президенти Шэрон Тэннисон хонимнинг фақат мақтовдан иборат сўзларини келтиради.

Шэрон Тэннисон хонимга кўра, 2014 йилдан бери (яъни, Қрим Россия тарафидан босиб олингандан бери – “Ҳаракат”) Қримда ҳамма нарса яхши томонга ўзгарган. Ҳамма ёқ гўзал, йўллар жуда яхшиланган, бу ердаги янгиликлар одамни ҳайрон қолдиради. Маҳаллий одамларнинг меҳмондўстлигини сўз билан ифода қилиб бўлмайди. Бундай динамик ривожланиш давом этса ва Ғарбнинг санкицялари тўхтаса, Қримни чет эллик туристлар тўлдирибш ташлаши аниқ. Булардан ташқари, Қримда келажаги порлоқ бўлган мулк бозори бор. Ва ҳоказо, ва ҳоказолар.

Аммо, Шэрон Тэннисон хоним инсон ҳуқуқлари масаласида аҳвол қандай эканлиги ҳақида бир оғиз сўз ҳам айтмабди. Балки, Қримнинг ростдан бор бўлган табий гўзалликларидан боши айланиб кетиб, ўзининг асосий вазифасини унутгандир.

Балки, у инсон ҳуқуқлари масаласида, масалан қримтатарларга муносабат ҳақида, қримтатарларнинг миллий лидери Мустафо Қримўғлига Қримга кириш тақиқлангани ҳақида танқидий бир нарслар дегандир, аммо русларнинг сайти уларни тилга олишни “унутгандир”.

Агар ҳақиқатни гапиришни фақат русларнинг сайти унутган бўлса, бу оддий русча масхарабозлик бўларди, аммо америкалик ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам унутган бўлса, бу - русча-амирконча масхарбозлик бўлади.

Дарвоқе, русларнинг zelv.ru сайти америкаликлар ичида, Фуқаровий Ташаббуслар Марказидан ташқари, яна қандай ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларининг вакиллари борлигини айтишни ҳам унутган.