22 May 2017
20:48 - ЕИ депутатлари Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашдилар
Бугун Тошкентга сафар қилган Европа Иттифоқи Парламенти депутатлари делегацияси фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида ташкил этилган учрашувга “Эзгулик” жамият раиси, айни замонда “Бирлик” Партияси Бош котибаси ҳам бўлган Васила Иноятова ва жамият вакили Абдураҳмон Ташанов, бухоролик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниев ва Фарғонадан Абдусалом Эргашев таклиф қилинган.

Европа Парламентининг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси вакили, депутат Каролина Фалк (Carolina Falk) ЕИ-Ўзбекистон алоқалари ривожи кўп жиҳатдан мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи билан боғлиқ эканлигини гапирди ва фуқаролик жамияти вакилларининг бу борадаги кузатувлари ва вазиятга берадиган баҳолари қимматли эканлигини урғулади.

“Мамлакатда диний эркинликлар масласидаги аҳвол анчайин ёмон. 1999 йил февраль воқеаларидан сўнг диндорларни қатағон қилиш, уларни конституциявий режимга тажовузда айблаб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини раскруткалар билан яна-да узайтириш, уларга нисбатан қийноқлар қўллаш ачинарли ҳолдир. Айрим кам сонли диний жамоаларнинг ҳуқуқлари камситилиши ҳам кўзга ташланмоқда Масалан, Фарғонанинг Шоҳимардош анклавидаги 10 минг кишилик диний жамоа бунга мисолдир” дейди Абдусалом Эргашев.

“Аммо бу борадаги ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари орасидаги фикрий қутбланишга барҳам берилиши керак. Ҳукумат экстремизм ва хавфсизлик чегарасини аниқлаб олиши, ҳуқуқ фаоллари ҳам бу борада ўрталиқ йўлни танлаши лозим. Афсуски, кўпчилик ҳаскасбларимиз террорда айбланганларни ҳам диний эрикинлик чекловлари билан изоҳлаб келишмоқда. Балки шунинг учун ҳам гапимизнинг залвори йўқдир” дейди Абдураҳмон Ташанов.

Учрашувда фуқаролик жамияти вакиллари Европа Иттифоқи делегацияларининг мамлакатга самарасиз ташрифларини танқид қиларкан, депутатлардан Ўзбекистон ҳуумати билан мулоқотларда қамоқларда қолаётган сиёсий маҳбуслар масаласини кўтаришни сўрашди.

“Ҳозирда 30 га яқин сиёсий маҳбус турли сохта айбловлар билан қамоқларда ўтирибди. Афсуски, Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлардан келаётган делегациялар Ўзбекистон расмийлари билан учрашувларда уларнинг тақдири билан етарлича қизиқмаяптилар. Бугунги кунда уларни озод қилиш ва сиёсий ҳуқуқлар масаласига эътибор бериш энг долзарб муаммолардандир” деди “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова учрашувда.

Европа Иттифоқи Парламенти делегацияси қатор расмий доираларда ҳам учрашувлар ўтказади. Делегация аъзоларининг айтишича, Ўзбекистон-ЕИ муносабатлари келажаги ана шу учрашувлардаги таассуротлар билан ҳам боғлиқдир, дейди мухбиримиз.

Расмни каттароқ қилиб кўриш учун уни курсор билан босинг. У ерда чапдан 4-чи Васила Иноятова, 2-чи Абдураҳмон Ташанов, ўнгдан 4-чи Абдусалом Эргашев.