20 May 2017
22:46 - Эроннинг жорийдаги Президенти Ҳасан Руҳоний иккинчи муддатга сайланди
Эроннинг расмий IRNA Агентлигига асоcланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Ички Ишлар Вазири Абдурризо Раҳмоний кеча ўтказилган президентлик сайловларида жорийдаги Президент Ҳасан Руҳоний ғалаба қозонганини эълон қилган. Нимага буни сайлов комиссияси эмас, вазир эълон қилаётгани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса айтаётгани йўқ.

Ҳасан Руҳонийга сайловчиларнинг 57 фоизи овоз берибди. Аввалги сайловларда ҳам Ҳасан Руҳоний биринчи турдаёқ 50 фоиздан кўп овоз олган экан. Унинг кечаги сайловлардаги асосий рақиби – собиқ Бош прокурор, оятуллоҳ Иброҳим Раис бўлган.

Сайловда қатнашиш учун 7 номзод кўрсатилган эди, аммо улардан 2 нафари сайловдан олдин ўз номзодларини қайтариб олдилар.

Эслатиш керакки, Эронда давлатнинг асосий лидери президент эмас, диний лидер Оятуллоҳ Сайид Али Ҳусейин Ҳаменеидир. Давлатнинг ҳарбий кучлари, давлат телевидениеси ва бир қатор муҳим ташкилотлар айнан унга бўйсунади.