20 May 2017
20:27 - Доналд Трамп биринчи чет эл сафарини Саудия Арабистонидан бошлади
Бугун Доналд Трамп АҚШ Президенти курсисига ўтирганига тўппа-тўғри 4 ой бўлди. Айнан бугун эрталаб у биринчи чет эл сафарини бошлади ва эрталаб Саудия Арабистоннининг пойтахти Ар-Риёдга етиб келди. У билан бирга, расмий делегациядан ташқари, турмуш ўртоғи Меланья Трамп ва қизи Иванка бор. Иванканинг турмуш ўртоғи, яъни Доналд Трампнинг куёви, айни замонда, унинг Бош маслаҳатчиси Жаред Кушнер ҳам делегация аъзоси сифатида қайин отаси билан бирга келди.

Ар-Риёд аэропортида Доналд Трампни Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудн шахсан кутиб олди. Жаҳон ахборот воситалари бу учрашув ҳақидаги хабарларида Меланя Трамп ва Иванка рўмолсиз, сочларини осилтириб, ғарбча замонавий кийимда бўлганларига, шу йилнинг бошида Саудияга келган Германия Канцлери Ангела Маркел ҳам шундай қилганига урғу беришмоқда.

Расмда Доналд Трампни аэропортда Саудия Подшоҳи кутиб олаётган пайтини кўрмоқдасиз. Икки лидернинг орқасида бесўнақай камарли шим кийган Меланя Трамп келмоқда.

Доналд Трамп бугуноқ Подишоҳ Салмон билан учрашди. Хабарларда учрашувнинг тафилотларига оид маълумотлар йўқ. Оқ Уйнинг матбуот котиби Шон Спайсерга асосланиб, мудофаа ишлари билан боғлиқ 109,7 млрд долларлик ва ҳамаси бўлиб 350 млрд долларлик АҚШ-Саудия шартномалари имзолангани айтилмоқда. Мудофаа соҳасидаги бундай катта шартнома АҚШнинг тарихида биринчи марта бўлибди.

Давлат раҳбарлари қатнашмаган АҚШ-Саудия тадбиркорлари йиғилиши доирасида эса, АҚШнинг General Electric компанияси Саудия давлати билан 15 млрд долларлик шартнома имзолабди. Кўринишидан, Доналд Трамп АҚШ-Саудия ҳамкорлигини юқори даражага олиб чиқмоқчи.

АҚШ Президентининг бу мамлакатга сафари доирасида яна иккита муҳиб тадбир ўтказилади. Улардан бири, балки, бугун ўтказиб бўлингандир. Гап Форс кўрфази давлатлари лидерлари билан учрашиш ҳақида кетмоқда. Бу учрашув бўлгани ҳақида ҳеч қандай хабар кўрингани йўқ. Балки, у эртага бўлар.

Эртага эса, жаҳон миқёсида муҳим деб баҳоласа бўладиган яна бир тадбир ўтказилади. Доналд Трамп дунёнинг 55 мусулмон мамлакати раҳбарлари билан “Араб-мусулмон давлатлари + АҚШ” саммити деса бўладиган учрашув ўтказади. Маълумки, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотида 57 аъзо бор. Демак, эртага бўладиган саммитда сал кам ҳамма мусулмон давлатларининг лидерлари иштирок этишади.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё ҳам шу ерда бўлади. Саммит доирасидаги икки тарафлама учрашувлар бўлиши ҳам айтилмоқда. Жумладан, Шавкат Мирзиё ҳам Доналд Трамп билан протокол тартибисиз қисқа учрашув ўтказади.

Доналд Трамп Саудиядан сўнгра Исроилга келиб, Бош вазир Бенямин Натаняху билан, сўнгра Ватиканга келиб, Рим Папаси билан учрашади, кейин Брюссел ва Сициялида НАТО ва G7 саммитларида қатнашади.