17 May 2017
22:18 - Шаҳрихонда 200 дан ортиқ киши музқаймоқдан заҳарланиб, шифохонага тушди

Андижон вилояти Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасига 2017 йил 15 май куни соат 14:30 дан бошлаб, 22:00 га қадар жами 186 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда Соғлиқни Cақлаш Вазирлиги ахборот хизмати маълумотида айтилган.

Шифохоналарга мурожаат қилган жами беморларнинг 4 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда бўлганлигини инобатга олиб, улар туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва муолажалардан сўнг аҳволи яхшилангач, шу куннинг ўзидаёқ умумий бўлимга ўтказилган. Қолган беморларнинг аҳволи анча енгил, уларга умумий палаталарда тиббий ёрдам ташкил этилган. 2017 йилниннг 17 май соат 17:00 ҳолатига кўра, шифохонада 33 нафар бемор шифокорлар назоратида бўлиб, уларнинг аҳволи ҳам яхшиланмоқда.

Беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида барча беморлар ўз касалликларини 2017 йил 14 май куни Шаҳрихон туман маркази, Амир Темур кўчасида жойлашган “МАКС” кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилиш билан боғлаган. Аниқланишича, Бултирбоев Жаҳонгирмирзо ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш цехи ташкил этган. Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида эса санитария талабларига риоя қилинмаган. Музқаймоқ қоришмаларини озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластмасса идишларда кафега олиб келиб, сотилишига йўл қўйилган.