16 May 2017
07:37 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Оғир юкни ортмоқлаган одам...”. “Ҳаракат”: Ҳамма ҳам одам бўлавермайди, расмдагилар ҳам бор!

“Ҳаракат” хатқутисидан - “Оғир юкни ортмоқлаган одам...”: Маҳаллий таҳририятларидан бирида ишлаб юрган чоғларим эди. Баҳоли қудрат газета чиқарардик, газетамиз анчайин ўқимишли эди. Ҳар ҳолда мамлакатнинг олди газетларидан бирининг муҳаррири ҳам шунга яраша бўлади: обрўли, бир неча лавозимларни эгаллаган, жамоатчилик ишларида фаол бир киши эди. Таъкидлашим керак, бу камтарин инсон ниҳоятда халқуми пок, айрим ҳамкабларимиздан фарқли ўлароқ таъмагирликдан йироқ, маошига қаноат қиладиган шахс эди.

Лекин шундай қудратли одамнинг ҳам изтироблари, дардлари бор эди. У киши билан холи суҳбат қурганимизда, баъзан “юзта-юзта” қилиб дардлашганимизда ёриларди. Қилаётган ишларидан кўнгли тўлмаслиги, кечалари уйқуси учиб, бу ишларни тезроқ топширсам, деб қоларди.

Бир куни бу одам менга: “Биласизми, менга нега бир эмас, нақ еттита лавозим беришган?” деб қолди. Мен билмаслигимни айтиб, унга соме бўлдим. “Менга бунча кўп иш беришганининг сабаби - ишламасанг ҳам бўлади, дегани...” деб кулди. Шу билан гап бошқа ёққа бурилиб, ишга киришиб кетдик. Йиллар ўтиб, ҳозир от устида бўлган бир замондошимизнинг фаолияти, хатти-ҳаракатларини кузатар эканман, шу гап хаёлимга келди.

Замондошимиз мамлакатда таниқли бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича Республика Миллий маркази директори Акмал Саидовдир. Бу одам ҳам мен юқорида тилга олган ҳамкасабам сингари “ишламай” ҳаёт кечираётган, балки даврини сураётган мулозимлардан биридир. Чунки одам зотининг кучи, ғайрати нари борса, икки ишни эплашга етади, ундан ортиқ эмас.

Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга раҳбар бўлганида мен ҳали ғўр талаба эдим. Бу одамнинг шижоати, ҳар ишда фаоллиги, ва ниҳоят, ўта ҳозиржавоблигига тан берардим. Аммо йиллар кўрсатмоқдаки, мен билган бу фазилатлар аслида нуқсон бўлиб, унинг фаолияти кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас экан. Йиллар бўйи ниқобдаги бу шахснинг асли нияти не, у аслида ким, кимга хизмат қилмоқда? Бир қарасанг, президентликка номзод, бир қарасанг, халқаро ташкилотларга гап бермайдиган олғир, бир думалаб ҳуқуқ ҳимоячисига айланади, аслида эса ҳеч кимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган эмас, ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Ҳали бирор шикоятчи, фуқаро ва арзгўй мамлакатнинг биринчи рақамли ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган муҳтарам профессоримиздан кўнгли тўлгани, ундан саволига жавоб олиб, “отасига раҳмат” деганини эшитмаганман. Аксинча, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда бир неча юз минглаб долларлик грант маблағларини аллақачон ҳазм қилиб юборган бу жанобнинг қилмишлари ҳақида мақолаларни ўқидим. Тушундимки, бу одам мен юқорида номини тилга олган халқуми пок, фидойи инсоннинг акси экан.

Келинг, узоққа бормайлик. Ўтган кунларда мамлакатимизга БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ташриф буюрди. Анчайин узоқ кутилган бу муҳтарам меҳмоннинг келгани, Президентимиз, ҳукумат вакиллари ва жамоатчилик билан учрашуви, мамлакатимиздаги янги ислоҳотларга берган юқори баҳоси-ю нуқсонларимизни очиқ айтгани улкан иш бўлди. Аммо шундай муҳтарам жанобни айнан Акмал Саидовнинг қаршилагани, унинг пойига патак бўлгани, ҳукумат-у жамоатчилик олдида очко ишлаб олгани алам қилади.

Икки-уч йилча аввал Женевада Олий комиссар лавозимида ўтирган бошқа одамнинг сўровларига жавоб бера олмай стол муштлаган бу лўттибознинг бир айланиб, очиқ юзли мезбонга айланиб олганига нима дейсиз. Ўшанда биров билди - биров билмади, мамлакатимизнинг халқаро доиралардаги нуфузига анчайин хунук иш бўлди. Бу гаплар ҳали ҳеч кимнинг эсидан чиқмай туриб, муҳтарам профессоримиз яна эстафета таёқчасини қўлга олмоқда.

Фуқаролик жамияти институтларига грантлар ажратувчи комиссия у кишининг измида. Мамлакатдаги сиёсий саҳналардаги бош ролни ҳам у киши ўйнайдилар. Хорижда, халқаро ташкилотларда ҳуқуқларимизни у киши ҳимоя қилади, номери ўтмай қолса, стол муштлайди. Халқаро ташкилотларни ўзининг эртакларига ишонтиришга ҳаракат қилади, олий даражадаги меҳмон билан учрашувларга фуқаролик жамияти вакиллари сифатида Нодира Ҳидоятова деган хушбичим, аммо касби-кори бетайин аёлларни тиркайди, ва ҳоказо.

Эшитишимча, кўп ривожланган мамлакатларда миллат соғломлашиши, унинг маънавий қиёфаси ижобий шаклланиши учун маддоҳлик, кўзбўямачилик қилувчи ғилоф бандалари фаолиятига баҳо берилади. Бу ҳол жамият тозариши, ундаги чиркин иллатларнинг сиқиб чиқарилишида муҳим омилдир. Бизда-чи? Инсон ҳуқуқларидек муқаддас ғоя байроғи кимнинг қўлида? Замонига қараб, бир юмалаб буқаламунга айланадаган сохта профессорнинг эмасми?

Бу жанобни сохта проофессор, деб ҳақорат қилаётганимиз йўқ. Чунки у кишининг профессорлиги ҳақиқатан ҳам сохта. Викидепия тармоғи орқали қидирилса, у киши юридик соҳадаги номзодлик диссертациясини совет ҳуқуқи фанида ҳимоя қилган экан. Ўзлари эса президентлик сайловларида совет замонининг иллатларини фош қила туриб, у замондаги барча амалларни сохтага чиқарди. Демак, ўзларининг иши ҳам қаллобликдан бошқа нарса бўлмаган.

Дарвоқе, бу одамнинг юки оғир. Йиққан сохта обрў-эътиборига тарих ўз баҳосини беради. Аммо унинг юкини енгиллатиш, зиммасидаги ишларни ҳалол одамларга улашишдан жамиятимиз фойда кўради, назаримда.

Фарҳод Абдуллаев

“Ҳаракат” - "Ҳамма ҳам одам бўлавермайди, расмдагилар ҳам бор!": Шу йил 12 май куни Акрам Султанов исмли ўқувчимизнинг рус тилида ёзилган ва Акмал Саидовнинг сохта ҳуқуқ ҳимоячиси эканлигини кўрсатиб берган мақоласини эълон қилган эдик. Фарҳод Абдуллаев ҳам Акмал Саидов сохта ҳуқуқ ҳимоячиси эканлигини фактлар билан исботлаб берганини кўриб турибсиз. Аммо, бу икки мақолада битта умумий камчилик бор. Гап шундаки, Акмал Саидов ягона эмас, ҳозир ҳокимиятда ўтирганларнинг ҳаммаси давлатнинг сохта хизматчиларидир. Улар давлат ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишлари, халқ ва давлат манфаатлари учун ишлашлари керак.

Аммо, миллат ва давлатнинг аҳволи “Ҳаракат” сайтида 23 апрелда эълон қилинган “Мусулмонлар, биз учун бундан ҳам муҳим бўлгани, ўзбеклар ким ўзи? Алишер Навоийга кўра, улар одам эмас бўлиб чиқмоқда, ўрисчасига обывателлар тўдасими?” номли хабарда (http://harakat.net/news/?id=20575) қисман бўлса ҳам, шундай кўрсатилган:

* * * * *

Авваламбор эслатиш керакии, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ўз вақтида шундай деган:

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидан ғами.

Хўш, миллатиимиз аҳволи қандай, миллатнинг қандай ғамлари бор, ўзбеклар (ва давлат хизматчилари) бу ғамларга қандай қарайдилар? Мана аҳволимиз, мана ғамларимиз:

- Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича машҳур Фридом Хаус (Freedom Hоuse) ташкилоти тарафидан тузилган жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан иккинчи ўриндадир. Қирғин-барот уруш ичидаги Сурия давлатидагина инсон эркинликлари бўйича аҳвол Ўзбекистонимиздан ёмон. Ўзбекларнинг бу билан иши борми, бу ғамдан ғами борми? Йўқ.

- Қирғиз фашистлари 2010 йилда ўзбекларни тириклайин ёққанда, ўзбекнинг қиз-аёлларини подалашиб зўрлаганда, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирганда жаҳон бўйича сони 30 миллиондан ошган ўзбек миллати ҳамма тешикларини қисиб ўтириб, миллатнинг ғамидан ғами йўқлигини намойиш қилди.

- Ҳозир миллиондан кўп ўзбеклар йиллаб-ойлаб оиласини кўрмасдан чет элларда қуллардек ишлаётгани, мамлакатимизда ўртача ойлик қўшни Қозоғистондан 5-6 баравар камлиги, ўзбек профессорлари ва сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишига ўзбеклар чидаб ўтирибдилар. Аслида ўзбекларнинг бундай нарсалар билан иши ҳам йўқ, миллатнинг ғамидан ғами йўқ.

- Қўшни мамлакатларда ўзбекларни она ерларидан сиқиб чиқариш ва ўзбек мактабларини бекитиш давлат сиёсатига айлангани, тахминан 5 миллион ўзбек яшайдиган Афғонистонда битта ҳам ўзбек мактаби йўқлиги билан ўзбек миллатининг иши ҳам йўқ.

* * * * *

Ҳамма гап шундаки, миллатнинг бу ғамлари билан шуғулланиш давлат хизматчиларининг асосий вазифасидир. Аммо, уларни халқнинг ғами қизиқтирмайди. Демак, улар, Акмал Саидов ҳам уларнинг ичида, Алишер Навоийга кўра, одам ҳам эмаслар.