12 May 2017
21:14 - Ўта қизиқ: Ўзбекистон пахтани қўлда теришдан воз кечмоқчи
“Ўзагротехсаноатхолдинг” ширкати раиси Нодир Отажоновга кўра, Ўзбекистон яқин вақтларда пахтани тўлиқ машиналар ёрдамида териш усулига ўтишни режалаштирмоқда. Отажоновнинг сўзларига кўра, бунинг учун республика ички бозорига 10 000 донагача пахта териш техникасини келтириш талаб этилади. Ана шунда мамлакатда пахтани тўлиқ механик равишда теришга эришилади. Ҳозир эса мамлакат далаларида атиги 1000 донадан ортиқ пахта териш машиналаридан фойдаланилмоқда.

"Пахта теришни механизациялаштириш мамлакатимиз учун устувор вазифа ҳисобланади. Бундай машиналарни ишлаб чиқариш шунингдек, далаларни тайёрлашдан тортиб чигит экиш, культивациялаш, суғориш ва бошқа комплекс вазифаларни ҳам кўзда тутади. Рақамларга келадиган бўлсак, мамлакатда 5000 дан 10000 донагача шундай машиналарга эҳтиёж бор", - деди холдинг раҳбари. У шунингдек, мамлакатда йилига 1000 тадан 1500 тагача пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш имконияти мавжудлигини қўшиб қўйди. Жорий йилда 600 донадан ортиқ пахта териш техникасини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

"Келгуси 5 йил давомида жиддий суръатлар билан олға силжиймиз, деб ўйлайман. Тез орада биз пахта теримини механизациялаштиришимиз лозим, чунки қўл терими жуда кўп маблағ талаб этиши ва кўплаб одамларни жалб қилишини яхши биламиз. Янги холдингни ташкил этиш орқали бундай долзарб вазифаларни нисбатан қисқа вақт ичида ҳал этиш назарда тутилмоқда. Келаси йилгача ички бозорга камида 1000 та пахта териш машинаси етказиб берилади, деб ўйлайман", - дебди Отажонов.

Ҳамма биладики, Ўзбекистонда пахтани машиналар билан териш ўтган асрнинг 60-чи йилларидан бошланган, Тошкентда ўша пайтлардаёқ пахта териш машиналари ишлаб чиқариларди. Нимага ўша пайтларда пахта териш тўла механизациялаштирилмади? Отажонов бундай савол қўймаган, демак, жавоби ҳам йўқ. Фикримизча, бу саволга жавоб бермасдан олдинга кетиб бўлмайди.