11 May 2017
20:36 - Шавкат Мирзиё илк марта рафиқаси билан давлат ташрифини амалга ошириш учун Хитойга келди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё бугун Хитойга давлат ташрифини бошлади. Бу Ўзбекистон давлат раҳбарининг тўртинчи хориж сафари бўлиб, унинг турмуш ўртоғи Зироатхон Ҳошимова илк бор унга ҳамроҳлик қилади.

Қўқонлик бойлардан бирининг қизи бўлган Зироатхон Ҳошимова Ўзбекистон Президентининг Туркманистон, Қозоғистон ва Россияга амалга оширган давлат ташрифларида иштирок этмаганди.

Ҳукумат нашрларининг хабарига кўра, Ўзбекистон раҳбари Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий Қўмитаси раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашади. Музокарлар давомида Ўзбекистонга 22 миллиард АҚШ долларига тенг сармояларни жалб қилиш муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида “Бир белбоғ, бир йўл” халқаро форумида ҳам иштирок этади. “Бир белбоғ, бир йўл” деганда “Ипак Йўли” назарда тутилаётган бўлса керак. “Ипак Йўли” лойиҳаси кўпроқ америкаликлар тарафидан тарғибот қилинарди. Ҳозир бу ерда ташаббус Хитойнинг қўлига ўтиб бораётгани ҳам маълум. Ислом Карим замонида яккамохов Ўзбекистон бу лойиҳага катта эътибор бермасликка ҳаракат қилганди. Кўрамиз, унинг издоши нима каромат кўрсатаркин.

Расмда – Шавкат Мирзиё рафиқаси билан Пекин аэропортида кутиб олинмоқда.