08 May 2017
22:08 - Ўзбекистонлик демократлар Европа Иттифоқи раҳабариятида учрашувлар ўтказдилар ва ЕИ билан Ўзбекистон ўртасида доимий мулоқот зарурлигини урғуладилар

Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти вакилларининг бир гуруҳи Брюсселга келиб кетди. Уларнинг 1-5 май кунлари Европа Парламенти ва Европа Комиссияси, яъни ҳукуматида бир қатор учрашувлар ўтказгани хусусидага хабарни бироз кечикиб тарқатмоқдамиз. “Ҳаракат” мухбирининг кузатувларига таяниб, Европа Иттифоқидаги учрашувларизнинг қисқача тафсилотларига тўхталамиз.

Учрашувларга Ўзбекистондан Эрк” Демократик Партияси раиси Самад Мурод, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Дайнов Ташанов, Бухородаги гуманитар ҳуқуқлари маркази таҳлилчиси Шуҳрат Ғаниев ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари Абдураҳмон Ташанов ҳамда Гулнора Ахмедовалар келишди. Шунингдек, учрашувлар ташкилотчиси, Швецияда муҳожирликда яшаётган Пўлат Охунов ҳамда Германияда истиқомат қилаётган бирликчи журналист Анвар Усмоновлар ҳам иштирок этишди.

Дастлабки учрашув Европа Парламентининг Ташқи ишлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича комитети вакили Рамона Никол Манеску (Ms. Ramona Nicole Manescu) билан уюштирилди. Дастлаб журналист Абдураҳмон Ташанов сўнгги ойларда ўзбек вақтли матбуотида жонланиш сезилаётгани, бу ўзгаришлар фуқароларда ижобий умидлар уйғотаётгани хусусида гапирди. Сўнг сўз олган таҳлилчи Шуҳрат Ғаниев мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг аҳволи ва картинасини ижобий ўзгаришлар мисолида чизиб берди. Журналист Анвар Усмонов вазиятдан фойдаланиб, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчи раҳбар ўлароқ умумиллий ярашув эълон қилиши ҳамда Ватан ташқарисидаги муҳожирларга қайтиш таклифи бериши зарурлигини қайд қилди.

Мазкур фикрларни умумлаштирган Пўлат Охун албатта мамлакатда ҳали муаммолар етарли экани, аммо собиқ президент давридагига қараганда бирмунча ўзгаришлар бўлаётгани ҳамда ЕИ ана шу мураккаб эврилишлар даврида фуқаролик жамияти позициясининг кучайишига ёрдам бериши кераклигини айтди. Мулоҳазаларни эшитган депутат хоним илк марта ўзбек фуқароллик жамияти вакилларида бундай конструктив баҳолар эшитаётгани ва бу ЕИ-Ўзбекистон алоқаларнинг кучайишига хизмат қилишини таъкидлади.

“Биз доим Ўзбекистон билан алоқаларни кучайтирганимиз учун фуқаролик жамиятининг айрим қатламларидан кучли танқидлар эшитиб келганмиз. Афсуски, танқидчи ҳамкасбларингиз бизга бирор йўл таклиф қилишмаган. Сизлар эса ЕИ билан Ўзбекистон алқоқаларнинг кучайиши ортидан келадиган сиёсий интеграциялардан фойдаланиб, ҳукумат билан мулоқотга киришмоқчисизлар. Бу жуда яхши ва қўллаб-қувватлашга лойиқ” деди Ramona Nicole Manescu.

Парламентнинг Ташқи ишлар комитетида депутат, турк аслли Илҳан Куюнчик билан учрашувда мухолифат вакиллари мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар мавжудлигини айтишиб, бу ўзгаришларнинг сиёсий ҳуқуқлар таъминланмагунча, хусусан, мухолиф партиялар, биринчи навбатда, “Бирлик” Партияси рўйхатга олинмагунича қиймати йўқлигини эътироф этишди. Илҳан Куюнчик эса собиқ Совет лагери таркибидаги Болгарияда вояга етгани учун ҳам тоталитар мамлакатлар муаммосини тушунишини, албатта ўзбекистонлик фуқароллик жамияти вакилларига ўз таъсир дориасида кўмак беришини айтди.

Парламентнинг Марказий Осиё билан алоқалар бўйича делегацияси вакили Урмас Пает (Mr. Urmas PAET) ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Петер Буриан (Mr. Peter Burian) билан учрашув ҳам худди шу руҳда ўтди. Тарафлар Ўзбекистонда сўнгги пайтда бирмунча ижобий ўзгаришлар сезилаётгани ва бу ўзгаришлар катта ислоҳотларга умид бераётгани борасидаги ўзаро фикрларда келишдилар.

Таъкидлаш керак, ўзбек мухолифатида ўзининг доимий новаторлик қобилияти ва теран мулоҳазалари билан кўриниб келган Пўлат Охун учрашувларда сўнгги ойларда айримларнинг назарида айнан ўзбекларда террор потенциали мавжудлиги билан боғлиқ тасаввурлар шаклланаётгани, Санкт-Петербург, Истанбул ва Стокгольм ҳодисаларидан сўнг бу яна ҳам хавотирли тус олгани хусусида гапирди. У, биринчидан, ўзбек жамияти бундай омилни келтириб чиқараётган шароит Ислом динининг жиддий реформаларга муҳтожлиги, ва қолаверса, ўзбек жамиятининг биқиқлиги билан изоҳлади.

Европа Комиссиясидаги учрашув Европа Иттифоқининг халқаро савдо ишлари бўйича Комиссари, яъни вазири Сесилия Малмстрём билан ўтди. Вазир хоним Ўзбекистон ва Иттифоқ ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш механизмлари ишлаб чиқилаётгани ва бу борада тарафлар ўзаро манфаатдор эканини айтди. Ўзбекистонлик фаолларнинг мамлакат ичидаги ислоҳотларда ижобий силжишлар борлиги ҳақидаги мулоҳазаларидан хурсанд бўлган ЕИ комиссари муносабатлар ривожида бундай вазиятнинг муҳимлигини билдирди.

Ўзбекистонлик фаоллар Европа Парламентидаги бошқа учрашувларда ҳам ўзаро мулоқот, муроса ва ҳамжиҳатлик муҳимлигини, айни пайтда ҳали ҳам етарлича кўп бўлган мавжуд муаммоларга кўз юмиб бўлмаслиги ва мамлакат жиддий сиёсий ислоҳотларга муҳтожлигини баён қилишди. Конструктив мулоқотгина давр чиғириғидан ўтган самарали усул экани, демократиянинг тадрижий ривожи мамлакат ва унинг келажаги учун фойдали эканини таъкидлашди.

Шуни ҳам айтиш керакки, бу учрашувларга “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ва партиянинг Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят ҳам таклиф қилинаган эди. Аммо, Васила Иноят 26 апрелда, яъни туғилган куни Тошкентда жиддий касаллик туфайли амалиёт қилингани сабабли Европага боролмади.

Узоқ йиллардан бери мажбуран АҚШда яшаётган, аммо АҚШ ватандошлигини олмаган Абдураҳим Пўлат 5 ой аввал АҚШнинг бундай масалалар билан шуғулланувчи идорасига расмий паспорт ўрини босувчи “Саёҳат ҳужжати” олиш учун керакли аризани топширганига қарамасдан ҳалигача жавоб ололмади ва шу сабабли Европага боролмади.

У 1 май куни Брюсселга етиб келган сафдошлари билан телефонда гаплашиб, бу ердаги учрашувларда ҳақиқий демократларга хос бўлган форматда гаплашиш кераклиги, ҳалигача дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмаган Ислом динига демократик давлатларда бўладиган муносабатлар, диктаторликларда сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар масаласига катта эътибор бериш зарурлиги, Ўзбекистондаги янги ҳокимиятнинг фаолиятига баҳо беришда шошмаслик кераклиги ҳақида суҳбатлашди. Бу масалалар бўйича ўзбек демократларининг позициялари бир хил эканлиги яна бир бор маълум бўлди.

Расмда – Брюсселдаги учрашувлардан бирини кўрмоқдасиз. У ерда ўнгдан биринчи Абдураҳмон Ташанов, иккинчи – Дайнов Ташанов, учинчи – Пўлат Охунов, чапдан учинчи Самад Мурод, тўртинчи - Гулнора Ахмедова.