08 May 2017
09:29 - Эммануэл Макрон Франциянинг энг ёш президенти, Наполеондан кейин энг ёш давлат раҳбари бўлди

Францияда кеча бўлиб ўтган президентлик сайловлариннг иккинчи турида 66,06 фоиз овоз олган Эммануэл Макрон ғалаба қозонгани узил-кесил маълум бўлди. Унинг рақиби Марин Ле Пен 33,94 фоиз овоз олган.

Шундай қилиб, 39 ёшли Эммануэл Макрон Франциянинг тарихидаги энг ёш президент бўлди. Наполеон 35 ёшида Франциянинг императори бўлганини ҳисобга олсак, Эммануэл Макрон Наполеондан кейин энг ёш давлат раҳбари бўлганини ҳам айтиш мумкин.

Янги президент Франция Европа Иттифоқи таркибида қолишининг тарафдори бўлишдан ташқари, у Европа Иттифоқини янада кучлироқ қилиш устида ишламоқчи, ушбу сайловлар арафасида парчаланган соғчи ва сўлчи гуруҳларни бирлаштириш нияти борлигини айтмоқда.

Миллатчилар партиясининг лидери Марин Ле Пен ҳам тарихий ғалаба қозонди, дейиш мумкин. У шу пайтгача президентлик пойгасида энг кўп овоз олган миллатчилар партияси раҳбари бўлди. 2002 йилдаги президент сайловларида шу партиянинг ўша пайтдаги раҳбари, Марин Ле Пеннинг отаси 2 баравар кам овоз олган экан. Маълумки, Марин Ле Пен Францияни Европа Иттифоқидан чиқариш тарафдори бўлиб, Буюкбританияда бўлгани каби Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича референдум ўтказиш кераклигини ҳам гапирарди. Марин Ле Пеннинг Европа Иттифоқига қарши чиқишининг асосий сабаби – ЕИ чет эллик муҳожирларга, табиий, гап асосан мусулмон муҳожирлари ҳақида кетмоқда, эшикларини кенг очиб бераётгани эди.

Нима бўлса ҳам, мусулмон муҳожирларни бутунлай Францияга киритмаслик тарафдори бўлган Марин Ле Пен умумий сайловчиларнинг учдан бирининг овозини олгани, мусулмон муҳожирлари масаласи қанчалик актуаллашиб бораётганининг кўрсатгичидир. Жараёнлар шу йўналишда кетаверса, фақат Францияда эмас, бошқа мамлакатларда ҳам, кейинги сайловларда Марин Ле Пен кабилар ғалаба қозониши муқаррардир.

Мусулмонлар, айниқса Ислом уламолари, шу муаммолар устида ўйлашни бошламасалар, шундай кун келадики, мусулмонларни Ғарбда ҳеч ким ўз мамлакатида қабул қилмайди.

Расмда - Эммануэл Макрон.