04 May 2017
21:27 - Афғонистонга мактаб қуриб бергандик, энди Қирғизистонга қуриб берамиз, ваҳолангки, Афғонистонда ҳалигача биронта ўзбекча мактаб йўқ, Қирғизистонда борларини бекитишмоқда

Ислом Карим бир неча йил аввал Афғонистонга янги мактаб қуриб берган эди. Ваҳолангки, бу мамлакатда шу пайтгача биронта ўзбекча мактаб йўқ, Ўзбекистон қуриб берган мактабда ҳам ўзбекча ўқитилмайди

Бугун Knews.uz сайти Ўш шаҳри ҳокими Айтмамат Қодирбоевга асосланиб хабар беришича, Ўшда Ўзбекистон ҳисобидан янги замонавий мактаб қурилади. Маълумки, қирғизлар узоқ йиллардан бери Қирғизистоннинг жанубидан ўзбекларни сиқиб чиқариш ва ўзбекча мактабларни бекитиб ташлаш билан шуғулланишади. “Ҳаракат” сайти қайси мактаблар ва қачон бекитилгани ҳақида ўз вақтида хабарлар бериб турган.

Шундай пайтда Ўзбекистон Ўш ва бошқа вилоятларда ҳамда Афғонистонда авваламбор ўзбекча дарс берилиадиган мактаблар қуриб бериши керак. “Ҳаракат” сайти Афғонистонда ҳеч бўлмаса битта ўзбек ўқитиладиган синф очиш ҳаракатида бўлган ўзбек йигит билан алоқа ўрнатиб, унга молиявий ёдам бериш чақириғини эълон қилган эди. Дод деб айтиш керакки, бу чақириғимизга 2 киши 100-200 доллар атрофида ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб жавоб берди. Ўзбек миллатининг аҳволи шу, ўзбекларнинг халқ ғамидан ғами йўқ. Нима ҳам дердик, буюк бобомиз Алишер Навоий сўзларини қайтарамиз:

Одамий эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.