03 May 2017
17:30 - Шаҳарларимизни янада чиройли қилиш режаси тўғри, ана ўшанда профессорларимиз қозоқ дворникларидан кам маош олишаётганини унутишади

Шавкат Мирзиё 1 май куни Давлат Архитектура ва Қурилиш Қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолагани бугун хабар қилинди.
Фармонда шаҳарсозлик фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлиги қайд этилибди, жумладан, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни, аҳоли пунктларини реконструкция қилиш ва ободонлаштиришда, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмаси объектларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини қўпол равишда бузишнинг кўпдан-кўп фактлари аниқланибди.

Шавкат Мирзиё бу Фармон орқали бор камчиликларни бартараф қилиш ва мамлактимизнинг ташқи кўринишини яна ҳам чиройли қилишга қаратилган топшириқлар берган.

Хусусан, қабул қилинган Фармон, аввало, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида ягона давлат ва илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш жараёнидаги ролини оширишга қаратилган бўлиб, унинг фаолиятидаги асосий вазифалар ва йўналишларни белгилаб беради. Жумладан:

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий базани мунтазам равишда такомиллаштириб ва янгилаб бориш;

- лойиҳалаш ишлари ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, қурилишда ишлаб чиқариш жараёнига илғор технологиялар жалб қилинишини ташкил этиш;

- бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш ва капитал қурилишда давлат харидларини амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш;

- архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳалари учун малакали кадрларни тайёрлашни таъминлаш.

Бундан ташқари, Тошкент Архитектура-Қурилиш Институти ва Самарқанд Давлат Архитектура-Қурилиш Институти, шунингдек, республиканинг ўн тўртта ҳудудида биттадан архитектура-қурилиш йўналишидаги касб-ҳунар коллежи Давлат Архитектура ва Қурилиш Қўмитаси тизимига ўтказилади.

Фармонда шу каби янгиликлар кўп. Биз уларни тўла қўллаб-қувватлаймиз, дейди мухбиримиз. Мамлакатимизда архитектура ва қурилиш соҳасидаги камчиликлар бартараф қилинса, мамлакатимизнинг ташқи кўриниши янада чиройли бўлади. Бунинг таъсири остида ўзбеклар бизда ўртача ойлик қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 5-6 баравар камлигини, профессорларимиз қозоқ дворникларилдан кам маош олаётганларини унутадилар. Инсон эркинликлари бўйича дунёда охирги ўринда эканлигимиз ҳам унутилади. Ислом Карим 1992 йилнинг бошидаёқ айтганидек, аҳволимиз ниҳоят “Во!” бўлади.