03 May 2017
16:49 - Шавкат Мирзиё чет элларнинг элчиларига: Гўзал шаҳарларимизни кезинг, иқтисодимиз ва инсон эркинликларининг ғариб аҳволига эътибор бериб ўтирманг

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари этиб тайинланган Эдуардс Стипрайс, Қирғизистон Республикаси, Франция Республикаси, Италия Республикаси, Чехия Республикаси, Япония, Миср Араб Республикаси, Туркия Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Данияр Сидиқов, Виолен де Вильмор, Андреа Бертоцци, Ярослав Сиро, Нобуаки Ито, Амани ал-Итр, Аҳмет Башар Шен, Ҳишам бин Мишал ал-Сувейлимдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди”, дейилади ЎзАнинг бугун, яъни бир кун кечикиб берган ва бир тийинга қиммат узундан-узоқ хабарида.

Замонавий давлатларда бу каби воқеалар умуман хабар ҳам қилинмаслигини эслатиш билан бир қаторда, дейди мухбиримиз, бу воқеа бўйича Gazeta.uz берган хабарда келтирилган Шавкат Мирзиёнинг элчиларга айтган баъзи гаплари ўта муҳимлигини тилга олмоқчимиз. Мана ўша гаплар: “Бизнинг қадимий Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Қарши ва Қорақалпоғистон, Фарғона водийсида шаҳарларимиз бор. Ҳурматли элчиларимиз ҳудудларга қанча кўп ташриф буюришса, тарихимиз, анъаналаримиз, халқимиз ҳақида шунча яхши билишади. Шахсан мен шунинг тарафдориман.”

Шавкат Мирзиё мутлақо ҳақ. Иложи бўлса, элчиларни санаб чиқилган шаҳарлардан чиқмайдиган қилиб қўйиш керак. Акс ҳолда, улар Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи шунчалик ғарибки, ўзбек профессорлари ва ҳатто сенторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишларини, Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича дунёнинг энг ёмон давлати эканлигини билиб қолишса, дарҳол Ўзбекистондан қочиб кетишлари мумкин. Тўғрида, бундай давлат билан дипломатик алоқаларнинг кимга кераги бор?

Дарвоқе, хабарларда Шавкат Мирзиёнинг элчилар билан биргаликда тушган расми ҳам йўқ.