02 May 2017
19:16 - Ўзбекча масхарабозлик: Шавкат Мирзиё прокуратура органларига халққа хизмат қилишни буюрибди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё 18 апрель куни «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида"ги фармонни имзолагани, бу ҳужжат матни кеча Lex.uz сайтида эълон қилингани gazeta.uz cайтида билдирилди.

Фармоннинг номини кўриш биланоқ ҳар қандай ақли расо ўзбек ўрнидан туриб қарсак чалиши, дўпписини осмонга отиши керак. Аммо, Ислом Карим ҳам мамлакатда демократияни ривожлантиришга қаратилган номи гўзал нутқлар сўзлагани, номи гўзал фармон, қарор ва қонунлар имзолаш билан шуғуллангани, Ўзбекистон эса инсоний эркинликлар бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида энг охирги ўринлардан бирини эгаллаб келаётганини эсласак, чапакни ва дўппимизни ҳам унутамиз.

Хабарда айтилишича, бу фармонда прокуратура фаолиятида бўладиган ўзгаришлар рўйхати берилган. Уларга ҳеч қандай ишонч бўлмагани сабабли, биз уларни бу ерда такрорамаяпмиз. Аммо, бир нарсага кўз юмолмадик. Нимамиш, фармонда “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” прокуратура органларининг устувор вазифаси этиб белгиланган эмиш.

Қизиқ, нафақат прокуратура, балки давлатнинг ҳамма муассасалари халқ манфаатларига хизмат қилиши кераклигини Ўзбекистон раҳбарлари билишмасмиди? Нима, ҳозиргача мавжуд прокуратура органлари халқ манфаатларига қарши ишлаши қонунлаштирилганмиди? Ундай бўлса, ишни прокуратурани тарқатиб юборишдан, прокуратура органларининг хизматчиларини Жаслиққа жўнатишдан бошлаш керак эмасмиди?

Хуллас, қисқа қилиб, навбатдаги масхарабозлик фармони имзоланганини айтишдан бошқа иложимиз йўқ. Бу фармоннинг устидан расмдаги бино ичида ўтирган катта-кичик прокурорларимиз ҳам роса кулишаётган бўлса керак.