30 April 2017
07:03 - Бечора Эрдўғон 16 апрелдаги референдумга 85% cайловчи қатнашгани билан мақтанибди, “Ҳаракат” нима дейди?

Президент сифатида биринчи марта Ҳиндистонга расмий ташриф билан бориш олдидан Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ҳиндларнинг WION телеканалига интервью берибди ва 16 апрелда мамлакат Конституциясига ўз ваколатларини диктаторлик даражасига чиқарувчи ўзгартиришларни тасдиқлаш учун ўтказилган референдумда 85 фоиздан кўп сайловчи қатнашгани ҳақида тўғридан-тўғри мақтаниб гапирибди.

Турк матбуотининг хабарларига кўра, Эрдўғон шудай деган: “Европада шундай ўлкалар борки, сайловларда бор-йўғи 35 ёки 40 фоиз сайловчи қатнашади. Дунёнинг ҳеч бир ерида бу рақам 85 ларга чиққан эмас. Туркияда чиқди. Ҳеч ким бунақа қилолмаган.” У дунёнинг жуда кўп мамлакатларида президентлик системаси мавжуд эканлигини айтиб ва президентлик системаси билан диктаторликнинг фарқига бормаслигини кўрсатиб, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар Туркия давлати фойдасига бўлишини исботлашга ҳаракат қилган.

Наҳотки, Туркиядек давлатнинг Президенти Ражаб Эрдўғон собиқ СССРда ва унга ўхшаш диктаторликлардаги сайловларда сал кам 100 фоиз сайловчи қатнашгани ва сал кам 100 фоиз сайловчи диктатура истаган шаклда овоз берганини билмайди. Ироқ диктатори Саддам Ҳусайин АҚШ тарафидан йиқитилмасдан олдин ўтказилган охирги президентлик сайловларига тўппа-тўғри 100 фоиз сайловчи қатнашгани ва тўппа-тўғри 100 фоиз сайловчи ўзи учун овоз берганини эълон қилганини ҳам жаноб Эрдўғон билмайдими?

Демократик давлатларда эса, СССРда, Ироқда, мана энди Туркияда каби бўлган воқеалар бўлмайди, бўлолмайди. Нега бунақалиги – бошқа масала, аммо, Ражаб Эрдўғон бунинг фарқига бормаслиги, у демократик ғоялардан узоқлигини кўсатишдан ташқари, бундай раҳбар бошчилигида Туркияни қандай оғир кунлар кутаётганини тахмин қилиш қийин эмаслигини намойиш қилаётганга ўхшайди.

Туркияни қандай оғир кунлар кутаётганини “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат референдум арафасида турк халқига қилган мурожаатида шундай ифодалаган эди: “Бу кетишда Туркия Усмонли Халифалик каби парчаланиб кетади, Истанбул Константинополга айланади, Туркиянинг ғарбий ва жанубий-ғарбий қисми Ғарбнинг ёрдамида Юнонистон қўлига ўтади, Туркияниннг шимоли Россия ва Эроннинг ёрдамида Арманистонга қолади, шарқий ва жанубий-шарқий қисмлари Эрон, Ироқ ва Сурия қўлига ўтади. Туркияда Анқара ва унинг атрофи қолади”.

Абдураҳим Пўлат ўз мурожаатида Туркиянинг бундай аҳволга тушиши Турк Дунёси учун ҳам ёмон зарба бўлишини айтади, Россия ва Хитой бундай кунни байрам қилишга тайёрланаётганларига ишонишини урғулайди.