27 April 2017
23:31 - Шавкат Мирзиё Жиззахга келди, нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига бошланишини тамоша қилди
Бугун эрталаб Жиззахга келган Президент Шавкат Мирзиё жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш билан машғул бўлди, халқ билан мулоқот қилди, дейилади ЎзАнинг хабарида.

Кеча Жиззах вилоятига Акром Раҳмонқулов ҳоким этиб тайинланганди. Табиий, у президент билан бирга бўлган бўлса керак, аммо хабарда у бечоранинг номи тилга ҳам олинмайди.

Шавкат Мирзиё Жиззахдаги Тадбиркорликка Кўмаклашиш Маркази фаолияти билан танишибди. Вилоят бўйича аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича 91 та марказ ташкил этилиши режалаштирилаётгани хабарда айтилади. Битта вилоятда шунча марказ яратилса, уларнинг сони мамлакат бўйлаб мингдан ошиши муқаррар. Гап бундай марказларда ва уларнинг сонида эмас, янги иш ерлари яратишда эканлигини Шавкат Мирзиё тушунади ва шу йўналишда иш олиб боради деб умид қилаётганлар кўп.

Айнан шундай умидворларнинг кўнглини кўтариш учун бўлса керак, Шавкат Мирзиё пешин соатларида Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланишида иштирок этибди. Маълум бўлишича, мажмуанинг ишга туширилиши 2 мингдан зиёд, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қўшимча 14 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилар экан.

Бу заводда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик ва энергетик жиҳатдан самарадор технологиялар ўрнатилиши, улар асосида жаҳон стандартларига жавоб берадиган мотор ва авиация ёқилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳамхабарда урғуланган.

Хабарларда заводнинг қурилиши бошланган жойдан расм йўқ. Умид қилиш керакии, аслида, бундай жой бор, аммо фотографларнинг лентаси аввалроқ тугаб қолган. Шу сабабли хабаримизга Жиззах шаҳрининг чиройли расмини қўйиш билан чегараландик.