25 April 2017
21:42 - Пойтахтнинг собиқ ҳокими пойтахтга қайтди, Тошкент вилоятида 4 туманга янги раҳбар тайинланди. Дасталаб кадр алмаштиришдан нима фойда бор?
Бугун Тошкент шаҳри Олмазор туманига Абдуқаҳҳор Тўхта ҳоким этиб тайинланди. Шу йилнинг 21 апрель куни президент Шавкат Мирзиёнинг Олмазорга ташрифидан сўнг ишдан олинган Баҳодир Ғоибназарнинг ўрнига ҳукуматда путури кетиб бораётган Бош вазир ўринбосари Улуғбек Рўзиқулнинг ҳоким қилиб тайинланиши ҳақида гап юрганди.

Янги ҳоким Абдуқаҳҳор Тўхта эса 2005-11 йилларда пойтахтда ҳокимлик қилган ва марҳум Ислом Карим тарафидан бадном қилиниб, ишдан ҳайдалганди. Шавкат Мирзиё иқтидорга келгач, у Жиззах шаҳар ҳокими этиб тайинланганди, мана энди пойтахтнинг Олмазор туманига олиб келинибди. Табиий, бу масалада туман аҳолисининг фикри билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Тошкент вилоятининг Бўка, Паркент, Қуйи Чирчиқ ва Пискент туманларига ҳам янги ҳокимлар тайинланди. Бўка туманига эндиликда Худойберди Холбой раҳбарлик қилса, Қуйи Чирчиққа Ботир Раҳим ҳокимлик қилади. Худойберди Холбой Тошкентнинг чекка туманига Бухоро вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғлигиан олиб келинибди.

Шунингдек, вилоятнинг Пискент туманига Абдусамат Акрам, Паркент туманига Неъматжон Абдулла ҳоким этиб тайинланган.

Хуллас, Ўзбекистонимизда дасталаб кадрларнинг ўрнини алмаштириш давом этмоқда. Кадр алмаштириш билан ҳеч нарса ўзгармаслигини, дабдала аҳволимизни тузатиш учун системани ўзгартириш кераклигини тушунмайдиган Шавкат Мирзиёдан бундан бошқа нима ҳам кутиш мумкин?