24 April 2017
22:48 - “Қамчиқ” довонидан уч хабар: электрлаштириш, янги туннель ва ер кўчкиси
“Ўзбекистон Темир Йўллари” ширкати томонидан Поп-Наманган-Андижон орасидаги 145 километрлик темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси амалга оширишга бошланмоқда. Умумий қиймати 177,45 миллион доллар бўлган лойиҳани 97,45 миллион доллар қисми Ўзбекистон ҳукумати ва “Ўзбекистон Темир Йўллари” АЖ томонидан молиялаштирилади. Осиё Тараққиёт Банки эса куни кеча 80 миллион долларлик кредит линиясини тасдиқлади.

Ўзбекистон Қамчиқ довонида яна битта тунел қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқмоқда, дейилади маҳаллий матбуот хабарларида. Ҳозир мутахассислар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини яратмоқдалар. Бу мустақил Ўзбекистон тарихида ушбу соҳадаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлади, дея таъкидланмоқда.

"Қамчиқ-2" деб номланадиган мазкур лойиҳанинг бир нечта варианти муҳокама қилинмоқда, шу жумладан, амалдаги тунел остидан янги тунел ўтказиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу уни янада хавфсизроқ қилишга, бугунги кунда фаолият юритаётган устки тунелни эса захирадаги тунел мақомига ўтказишга имкон беради.

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигининг билдиришича, А-373 M-39 "Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш" автомобиль йўлининг 243,7 (166,7) километрида (Наманган вилояти Поп тумани ҳудуди) водий йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонида, 80 м баландликда мавсумий ёғингарчиликлар натижасида узунлиги 40 м га тенг кўчки ёриғи пайдо бўлди. Мазкур ҳудудда хавф бартараф этилмагунга қадар ФВВ, ИИВ ЙПХ, «Қамчиқавтойўл» ходимларидан иборат тун-у кун навбатчилик ташкил қилинибди.