21 April 2017
22:23 - Хабарга ҳам арзимайдиган воқеалар: Парижда исломчилар яна террористик акт уюштирдилар, терроризм маркази Марказий Осиёга ўтмоқда. Муҳим бўладиган воқеа – Исломдаги ислоҳотлардир!

Кеча Парижда икки мусулмон террорист икки полициячини отиб ўлдирди. Полиция ҳам бўш келмади, террористлардан бирини отиб ўлдирди, иккинчиси нима бўлгани ҳақида турли тасдиқланмаган хабарлар кўп. АҚШ Президенти Доналд Трамп бу теракт Францияда якшанба куни бўладиган президентлик сайловларининг натижасига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини урғулаб баёнот бериши - оддий воқеани нооддийга айлантириш ниятидан бошқа нарса эмас.

Россия ахборот воситалари 3 апрелда Санкт-Петербургдаги метрода уюштирилган ва 14 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт марказий осиёликлар тарафидан (аниқроғи, ўзбеклар тарафидан – «Ҳаракат») уюштирилганига, бу теракт бўйича 10 дан ортиқ марказий осиёлик (улар асосан ўзбеклар) ҳайрон бўлаётганлари ҳам ножиддийликдир. Агар улар «Ҳаракат» Агентлигининг хабарлари билан танишиб борсалар эди, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат 2015 йилнинг январь ойида ўша пайтдаги АҚШ Президентига хат ёзиб, ислом терроризмининг илдизлари Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқувчи тушунчалар билан яшаётган Ислом динининг ўзида эканлигини айтгани ва ислом терроризмининг маркази яқинда Туркия ва Марказий Осиёга ўтишини урғулаганини билган бўлардилар.

Дарвоқе, шуни ҳам айтиш керакки, туркларнинг “Миллиёт” газетаси АҚШ Марказ Қуролли Кучлари (CENTCOM) матбуот котиби Жон Томасга (John Thomas) асосланиб хабар беришича, янги йил кечаси Истанбулдаги кўнгил очар клубида 39 кишини Калашников автомати билан тараб ўлдирган ўзимизнинг қўқонлик Абдуқодир Машариповга бу терактни ўтказиш ҳақида буйруқ бурган ўзбек аслли ИШИД раҳбарларидан бири Абдураҳмон Ўзбек 6 апрель куни Сурия пойтахти Боғдод яқинида америкаликларнинг пиёда отряди тарафидан ўлдирилибди.

Кўриниб турибдики, ўзбеклар ҳамма ерда террор машғулотлари ўтказмоқдалар ва яқинда терактларни Марказий Осиёнинг ўзига кўчирадилар. Уларнинг мақсади – Абдураҳим Пўлатнинг башоратлари тўғри эканлигини исботлашдир, дейдиган аҳмоқлар топилиши ҳам мумкин.

Аммо, муҳим бўлгани, Абдураҳим Пўлатнинг гапларига қулоқ солиш ва ислом терроризмининг илдизларини йўқ қилиш учун, авваламбор, Ислом динида фундаментал ислоҳатлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиш кераклигини тушунишдир. Ислоҳотлар доирасида 5 маҳал намоз, рўза, ҳаж ва закотни фарзликдан чиқариш йўналишида ҳам қадамлар қилинади. Акс ҳолда, мусулмонларни фанатизмдан ҳамда қолоқлик ва қашшоқликдан қутқариб бўлмайди.