18 April 2017
18:26 - Хуфяларимиз экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйди
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати 16 кишидан иборат экстремистлар гуруҳи фаолиятига чек қўйди. Уларнинг барчаси Краснодарда мардикорлик даврида экстремистик гуруҳ аъзоларига айланишган экан.

Спутник нашрига кўра, Краснодардаги диний-экстремистик гуруҳни ўзбекистонлик Олимжон Ҳасанов ва Мақсад Матяқубовлар ташкил этишади. Улар ўз гуруҳларига Ғайрат Яқубов, Ўткир Матяқубов, Азамат Пўлатов, Мурот Аширов, Жўрабек Қурбонов, Жасур Матяқубов, Шерзод Язилов, Даврон Маткаримов, Икром Йўлдошев, Санжар Собиров, Қувонч Мадаминов, Тўлқин Мадаминов, Одилбек Маткаримов ва Ҳамро Асқаров исмли ватандошларни жалб этишган.

Экстремистик гуруҳ аъзолари тунлари йиғилишиб, интернет орқали ИШИД террорчилик ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ видеолавҳаларни томоша қилишиб, жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга боришни ҳам мўлжаллашган. Бундан ташқари, улар ИШИД томонида жанг қилаётган тўдаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида "умумий жамғарма"га ҳар бири ҳар ойда 2-3 минг рублдан пул ташлаб туришгани ҳам маълум бўлибди.

Улар мунтазам йиғилишлари чоғида Ўзбекистон конституцион тузумини ағдаришга даъват қилувчи гапларни ёзилган видеоларнии тинглашган, ИШИД террорчиларининг фаолиятига оид лавҳаларни томоша қилишган.