16 April 2017
22:06 - Туркияда референдум тугади, аҳвол чатоқ, аммо унчалик эмас, “Ҳа”чилар бор-йўғи 1% олдинда. Ўзбекларга нима?
Роппа-роса 4 соат аввал Туркияда Конституцияга президентнинг ваколатларини сал кам дикататорлик даражасига кўтарадиган ўзгартиришлар киритиш масаласи бўйича ўтказилган умумхалқ рефередуми битди. Дарҳол сандиқлардаги бюллетенларни санаш бошланди. Шу дақиқаларгача бюллетенларнинг сал кам 99 фоизи саналди.

Марказий Сайлов Комиссияси натижаларни дақиқама-дақиқа эълон қилиб бормоқда.

Шу пайтгача Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар учун “Ҳа” деб овоз берганлар 51,35%, “Йўқ” деганлар 48,65% бўлгани маълум бўлди. Бу рақамлар энди ўзгармайди ҳисоб. Аҳолисининг сони бўйича 3 энг катта шаҳарда натижалар қуйидагича:

Истанбул: “Йўқ” – 51,34%, “Ҳа” – 48,65%
Анқара: “Йўқ” – 51,13%, “Ҳа” – 48,86%
Измир: “Йўқ” – 68,78%, “Ҳа” – 31,21%

Туркиянинг Эгей ва Ўртаер денгизи бўйидаги вилоятлари, Қора денгиз бўйининг ғарбидаги вилоятлари, Озорбайжон билан чегарадош 2 вилояти, марказидаги Анқарадан ташқари яна 2 вилояти ва асосан курдлар яшайдиган жанубий шарқ вилоятларида “Йўқ”чилар, Туркиянинг ички қисмидаги вилоятларда эса, “Ҳа”чилар ғалаба қозондилар. Курдлар яшайдиган вилоятлардаги вазият бошқа масала, аммо кўриниб турибдики, Туркиянинг ривожланган ва замонавий қисмларида, энг муҳими, 3 катта шаҳарида отатуркчилар, ривожланмаган, аҳолиси асосан қишлоқлардан яшайдиган вилоятларда исломчилар ғалаба қозондилар. Бу жуда ҳам катта эътибор берилиши керак бўлган хулосадир.

Нима бўлганда ҳам, умумий натижа озгина бўлса ҳам исломчилар фойдасига бўлдими, демак, Ражаб Эрдўғон мамлакатни исломлаштириш йўлидан олиб кетишни тезлаштирадими? Аҳолининг 48,65 фоизи унинг бу ғояларини қўллаб-қувватламаслиги маълум бўлгандан кейин, аслида, у “етти ўлчаб бир кесиши” керак. Аммо, ислом фанатикларининг мантиғини маълум бўлгани учун айтиш мумкинки, у бундай қилмайди, мамлакатни исломлаштиришни тезлаштириш ҳаракатига тушади.

Табиий, аҳолининг сал кам ярмини ташкил қиладиган қарши тараф ҳам жим турмайди, демак, Туркияда икки тарафнинг қарама-қаршилиги хавфли нуқталарга чиқади. Қонли воқеалар бўлиши мумкин.

Биз ўзбек демократлари, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим, Турк Дунёсидаги демократларни бирлаштириш ва биргаликда Туркиядаги отатуркчиларни маънавий қўллаб-қувватлаш стратегиясини танлашимиз, турк тилли мамлакатлар раҳбарлари ва Ғарбни ҳам шу йўналишда ишлашга, Ражаб Эрдўғонга босим ўтказиб бўлса ҳам, уни тўхтатишга ҳаракат қилишга чақиришимиз керак.

Акс ҳолда, аввалари ҳам кўп марта айтганимдек, Туркия парчаланиб кетади, Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг вассалларига айланади. Россия ҳақида гапириб ўтираётганим ҳам йўқ, чунки, бу мамлакат Ғарбнинг санцияли остида ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади, охир-оқибатда у ҳам парчаланиб кетади. Дарвоқе, унинг парчаланишига Туркиянинг исломлашиши ҳам ўз ҳиссасини қўшиши ўз-ўзидан маълум.

Ҳа, ишимиз чатоқ, аммо, Ражаб Эрдўғон аллақачон Туркияда ўз диктатурасини ўрнатиб олганига қарамасдан, отатуркчилар шунча овоз олгани ўта муҳим нарсадир, бу ҳамма отатуркчиларни рағбатлантириши керак.

Туркияда бўлаётган бу воқеалар ўз миллатининг бугуни ва келажаги тўғрисида ўйламай қўйган ва

- қирғиз фашистлари 2010 йилда ўзбекларни тириклайин ёққанда, ўзбекнинг қиз-аёлларини подалашиб зўрлаганда, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирганда ҳамма тешикларини қисиб ўтирган,

- миллиондан кўп ўзбеклар йиллаб-ойлаб оиласини кўрмасдан чет элларда қуллардек ишлаётгани, мамлакатимизда ўртача ойлик қўшни Қозоғистондан 5-6 баравар камлиги, ўзбек профессорлари ва сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишига чидаб ўтирган,

- қўшни мамлакатларда ўзбекларни она ерларидан сиқиб чиқариш, ўзбек мактабларини бекитиш давлат сиёсатига айлангани, тахминан 5 миллон ўзбек яшайдиган Афғонистонда битта ҳам ўзбк мактаби йўқлиги билан иши бўлмаётган,

демак, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидан ғами” сўзларидан келиб чиқсак, одам ва миллат сифатини йўқотиб, подага айланган ўзбеклар учун ҳам дарс бўлиши керак.