16 April 2017
14:04 - Туркиянинг тарихий куни: Давлатни исломийлаштиришга йўл очиш мақсадидаги референдум бошланди, Абдураҳим Пўлат нима дейди?

Туркиядаги референдум маҳалиий вақт билан ғарбий минтақаларда соат 6 да, шарқий минтақаларда соат 5 да бошланди. Туркияда соат минтақалари йўқ, бутун Туркия битта соат вақти билан яшайди. Аммо, у Шарқдан Ғарбга қараб кетган узун давлат бўлгани сабабли, амалда ҳамма нарса бир соат фарқ билан қилинади. Мана референдумда ҳам шундай бўлди. Референдум Шарқда соат 16 да, Ғарбда соат 17 да тамом бўлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳозир 2 соатлик фарқ бор, қишда 3 соат бўлади.

Туркияда бўлаётган референдум оддий эмаслигини ҳамма гапирмоқда, 2 соатча аввал хотини, қизи, куёви ва ҳатто набиралари билан Истанбулдаги сайлов участкасига келган Президент Ражаб Эрдўғон буни яна такрорлади. Аммо, бу нафақат нооддий, балки, тарихий воқеа эканлигини, референдумда ражаб-эрдўғон тарафдорлари, тўғрироғи, исломчилар ғалаба қозонса, Туркия исломлашиш йўлидан кетишни жадаллаштириб, тезда тўла исломий давлатга айланиши, бу нарса бутун дунёни остин-устин қилиб юбориши муқаррарлиги, натижада Туркия парчаланиб кетиши аниқ эканлигини фақат “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва “Ҳаракат” гапирмоқда.

Мен, дейди Абдураҳим Пўлат, яқинда Туркия халқига мурожаат қилиб, референдумда Конституцияга ўзгартиришларга қарши овоз беришга чақирдим. Ўша чақириғимда 1990 йили “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақола ёзганим, аммо уни ҳеч ким жиддий қабул қилмагани, аммо ҳамма нарса мен айтгандек бўлганини айтдим.

Туркиядаги рефередумда ўзгартиришларга “Ҳа” дейдиганлар ғолиб чиқса, ҳаммага ёмон бўлиши ҳақидаги огоҳлантиришларимга ҳам ортиқча эътибор йўқлигини кўриб турибман. Лекин, бир нарсада ўта қатъийман. 1990 йилда Ўзбекистон мустақил диктатура келаётганини башорат қилган бўлсам ҳам, бунинг олдини олиш ишига ҳамманинг диққат-эътиборини шок терапияси усуллари билан бўлса ҳам тортмадим, аммо ҳозир тортаман. Туркларга референдум бўйича қилган мурожаатим, аслида, шу йўналишдаги биринчи қадам эди, холос.

Шуни ҳам тушунаманки, бугун референдумда исломчилар ютқазсалар ҳам, Ражаб Эрдўғон ўз ниятидан қайтмайди. У ҳозир Туркияда ўз диктаторлигини ўрнатиб бўлди, демак, мавжуд Конституцияга тупириб бўлса ҳам, Туркияни исломий давлат деб эълон қилиш йўлида иш олиб бораверади. Менинг мақсадим, биринчи навбатда, туркий давлатларнинг раҳбарлари, қолаверса, бутун Ғарб Ражаб Эрдўғоннинг режаларига очиқдан-очиқ қарши чиқиш, керак бўлса, уни бу режеалардан воз кечишга зўрлаш йўлига ўтишларига эришишдир.

Акс ҳолда, Туркия парчаланиб кетади, Турк Дунёси тушунчаси ўлади, Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг вассалларига айланадилар.

Дарвоқе, бугунги референдумда исломчилар ғалаба қозонса, Туркиянинг Ражаб Эрдўғондан кейин бўладиган президенти, ҳозирча унинг куёви, айни замонда, Энергия ва Табиий Бойликлар Вазири бўлган Барот Албайроқ ҳам хабарга илова қилинаётган расмда бор. У Эмина Эрдўғоннинг орқасида турибди.