15 April 2017
21:37 - Шавкат Мирзиё Ўзбекистонда фақат ҳожатхоналар эмас, трамвай йўллари ҳам қурдирмоқда. Бечора ўзбек халқи!

“Ҳаракат” Агентлигининг 2015 йил 11 мaрт куни эълон қилинган хабарида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбектуризм” миллий ширкати ҳамда Ўзбекистон давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига намунали ҳожатхоналар қуриш бўйича топшириқ берганини билдирган эдик. Табиий, ўшанда Вазирлар маҳкамасининг раҳбари, яъни Бош вазир - Шавкат Мирзиё эди. Ўша хабаримизда айтилганидек, пуллик ҳожатхоналар Самарқанддаги “Афросиёб” музейи, Бухородаги “Арк” музейи, “Сомонийлар” боғи, “Чор-бакр” ансамбли, Қўқондаги “Норбутабия” мадрасаси, Тошкентдаги “Абулқосим” мадрасаси, “Султон Саодат” мажмуаси, Термиздаги Ўлкашунослик музейи ва “Алпомиш” боғида қурилиши ва улар асосан хорижлик туристларга мўлжалланаётгани айтилганди.

Тан олиш керакки, “Ҳаракат” ўшанда ўзнинг хабарчилик вазифасини тўла бажармаган ва ҳожатхоналар қандай қурилаётганини кузатиб бормаган эди. Шу сабабли, Шавкат Мирзиё президент бўлгунча қанча ҳожатхона қурилганини, Самарқанддаги “Афросиёб” музейида ҳожатхона бор-йўқлигини ҳам билмаймиз.

Аммо, Шавкат Мирзиё президентликка номзод бўлган пайтидаёқ, аниқроғи, 2016 йил 5 октябрда Самарқандга борганда, аҳолига қулайлик яратиш борасида замонавий трамвай линиялари барпо этиш зарурлигини таъкидлаганидан хабаримиз бор. Самарқандда биринчи трамвай йўли 2017 йилнинг Наврўз байрамига қадар йўлга қўйилиши айтилганини ҳам биламиз.

Кеча Самарқандга келган Шавкат Мирзиё ҳаромий Ислом Каримнинг қабрини ва Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш, Қўшрабодда бўлғуси ёнғоқзорда дарахт кўчати ўтқазишдан ташқари, ҳали қурилаётган трамвай йўлини ҳам бориб кўргани ҳақида қўғирчоқ ахборот воситалари хабар бердилар. Табиий, хабарларда трамвай йўли нима учун Наврўз байрамигача ишга туширлмаганини тилга олмадилар. Лекин, хабарга қўйилган расмдан тушуниш мумкинки, Шавкат Мирзиё учун трамвай йўлининг қурилиб бўлган қисмига бир трамвайни амаллаб олиб чиққанлар.

Ўзбекистондек давлатнинг раҳбари 21-аср учун кулгили бўлган лойиҳалар билан шуғулланаётгани, трамвай йўли билан шуғулланиш давлат президентининг иши эмаслиги тўғрисида нима дейиш мумкин? Нима ҳам дердик, бечора ўзбек халқи деймиз! Ўзбек профессорлари ва сенаторларининг маоши қозоқ дворниклариникагача етишини орзу қилмасак ҳам бўлаверади.