12 April 2017
22:14 - Қозоғистонда бизнес қилаётган ўзбекистонлик миллиардер ҳам мамлакатимизга сармоя киритмоқчи

Қозоғистонда яшаётган ўзбек миллиардери Фаттоҳ Шоди 8 апрель куни Тошкентга келган. Қозоғистоннинг Тенгриньюс интернет нашри Фаттоҳ Шоди таваллуд айёмини Тошкентдаги “Hyatt” меҳмонхонасида катта тантана билан нишонлаганини ёзди. Фаттоҳ Шоди айнан шу ерда Ўзбекистонга инвестиция киритиши, яқин вақт ичида она юртида ҳам фаолиятини бошлаши мумкинлигини айтган.

Фаттоҳ Қаюм ўғли Шоди 1953 йилнинг 15 апрелида Жиззах вилоятида таваллуд топган, меҳнат фаолиятини “Сирдарё ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаган. У яна бир ўзбек миллиардери Алишер Усмон ҳамда сиёсий арбоб, ўз вақтида Россия президенти ёрдамчиси бўлиб ишлаган Сергей Ястржембскийлар билан бизнес қилиб бойиган. Forbes маълумотларига кўра, ҳамюртимизнинг бойлиги 3,7 миллиард долларни ташкил этади. Фаттоҳ Шодиев, 1997 йилдан бери Бельгия фуқароси ҳамдир.