10 April 2017
20:06 - Ургутда наркоташмачилар гуруҳи қамалди, лекин наркотрафик кенгайиб бормоқда
Жиноят ишлар бўйича Ургут тумани судида туманнинг беш нафар фуқаросига нисбатан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланди. Тергов жараёни давомида аниқланишича, Ургут тумани Сатанг маҳалласида яшовчи 27 яшар А. Ҳақназаров 2015 йилнинг март ойи бошларида Ш. Саломов исмли фуқарога бир неча грамм опиумни пуллаган.

Орадан бир ой ўтиб, Ҳақназаров худди шундай операцияни А. Вахобов билан такрорлаган. “Бу сафар контрабанда товар миқдори юз граммдан ортиқни ташкил қилган. Орадан бир мунча вақт ўтиб, ушбу уюшмага тошкентлик Б. Сулаймонов келиб қўшилган” деб ёзмоқда маҳаллий нашрлар.

Наркоташмачиларга қарши кураш авжига чиққанига қарамай гиёҳванд моддаларни тарқатиш ҳолатлар кўлами ошмоқда, дейди мухиримиз. Трансмиллий жиноят сифатида авж олаётган бу жиноят тури учун Ўзбекистон қўшниларимиз Тожикистон ва Афғонистоннинг ёндош ҳудуди сифатида қулай зона ҳисобланади.