06 April 2017
00:39 - Шавкат Мирзиё Кремлда 50 та шартнома имзолаб, 13 миллард АҚШ доллари билан қайтмоқда, ўзбекларга бундан фойда бўладими?
Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлигининг хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. “Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Президентимизнинг тарихий аҳамият касб этган ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади”, дейилган ЎзАнинг хабарида.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Шавкат Мирзиё ва Владимир Путин Қўшма баёнот ҳам имзолашди. Аммо, бу баёнотда қандайдир пичоққа илинадиган нарса кўринмайди. Қолверса, Шавкат Мирзиёнинг Москвага келишига қандайдир қизиқиш бўлаётгани умуман кўринмайди. Буни тушунса бўлади, иқтисодий кучи бўлмаган, сиёсий саҳнада умуман кўринмайдиган Ўзбекистондек яккамохов давлатига қандай қизиқиш бўлиши мумкин?

Аммо, ЎзАнинг баландпароз гаплардан иборат хабарларида Ўзбекистон- Россия муносабатларини изчил ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар ҳам имзолангани урғуланади.

Масалан, соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва фан соҳасида, туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди. Шунингдек, "ЕВРОЦЕМЕНТ груп" ва "Ўзқурилишматериаллар" АЖ, "Газпром экспорт" МЧЖ ва "Ўзтрансгаз" АК, "Газпром" ОАЖ ва "Ўзбекнефтегаз" МХК, Внешэкономбанк ва Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият Миллий банклари, икки мамлакат божхона хизматлари, қатор вазирликлар, олий ўқув юртлари, тиббиёт муассасалари, корхона ва ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув ва шартномалар имзоланибди.

Дарвоқе, расмиятчилик учун бўлса керак, Ўзбекистон ва Россия Президентлари олий даражадаги учрашув ва музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот ҳам бердилар. Шавкат Мирзиё ва Владимир Путин музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтганини таъкидладилар. Ташриф асносида Россия тарафидан Ўзбекистонга 13 миллардлик сармоя ёқизилиши бўйича 50 дан ортиқ келишув имзолангани алоҳида урғуланган. Аммо, сал кам 5 миллиардлик сармоя Россияда иш олиб бораётган ўзбек миллардерлари Алишер Усмон ва Искандар Маҳмудга оид эканлиги айтилмаган.

Ҳужжат имзолашдан осон иш йўқ, дейди мухбиримиз. Аммо, кўрайлик, натижалар қандай бўлади? Қани кўрайлик, бу икки диктаторлик мухолифатсиз бирон нарсага эриша оладими?