04 April 2017
20:03 - “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Санкт-Петебургдаги портлаш оддий ислом терроризми экан, террорист ҳам ўзмизники – ўзбек Акбаржон Жалилов

Кечадан бери бутун дунё ахборот воситаларининг диққат марказида Санкт-Петрбургда уюштирилган теракт турибди. “Ҳаракат” бу воқеа исломий теракт эмаслиги аниқланса, у эътиборга лойиқ хабар бўлади деб очиқча ёзган эди. Аммо, айнан тескариси бўлиб чиқди. Портлаш теракт бўлиб, уни уюштирган ўлимчи-террорист ўзимизнинг Акбаржон Жалилов исмли ўзбек экан. Бунинг ҳам ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки, шу йилнинг биринчи соатларида Истанбулда 49 кишини ўлдирган террорист Абдуқодир Машарипов ҳам ўзбек эди. Тўғри, Абдуқодир қўқонлик бўлиб, Акбаржон ўшлик экан. Нима фарқи бор?

Санкт-Петебургда ҳалок бўлганларнинг сони 10 эди, ҳозир бу рақам 14 га чиқди. Касалхоналарда 50 нинг атрофида ярадор даволанмоқда.

Аслида, Истанбулда ва Санкт-Петербургда бўлган терактларнинг эътиборга лойиқ жойи, тўғрироғи, дунёда бўлаётган мудҳиш глобал жараёнлар нуқтаи назаридан эътиборга лойиқ жойи бошқа нарсадир.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 2015 йилнинг бошида АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Барак Обамага ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсири асосида яратилган тушунчаларида эканлигини айтиш билан бир қаторда, ислом терроризмининг янги марказлари Туркия ва Марказий Осиё бўлишини башорат қилган эди. Кўриб турибмизки, Туркия ислом терроризмининг марказларидан бирига айланиб бўлди. Энди навбат Марказий Осиёгами, деган савол туғилиши табиийку.

Абдуқодир Машарипов ва Акбаржон Жалилов ўзбеклигидан тушуниш мумкинки, ўзбеклар исломий терроризмни Марказий Осиёга олиб келиш йўлида Истанбул ва Санкт-Петербург каби шаҳарларда машғулотлар ўтказмоқдалар. Яқинда террор ўз уйимизда бўлади.

Бунинг олдини олиш йўлида соат, кун ва ойлар-йиллар йўқотмоқдамиз. Ислом уламоларини бу масала билан шуғулланишга зўрлашдан бошқа йўл йўқ. Ислом уламолари Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишлари керак. Акс ҳолда, буни бизга Ғарб қилиб беради, бу эса динимизнинг ўлими билан баробар.