04 April 2017
16:42 - Фридом Хауз (Freedom House): Ўзбекистон демократия ва инсон эркинликлари бўйича энг ёмон аҳволда


Бош қароргоҳи Вашинтонда жойлашган ва турли спонсорлардан ташқари АҚШ ҳукумати тарафидан ҳам молиялаштириладиган Фридом Хауз (Freedom House – Озодлик Уйи) ташкилоти 2016 йилнинг натижалари бўйича Жанубий Европа, Россия, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида демократия, ошкоралик, инсон эркинлиги каби кўрсатгичлар даражасини кўрсатадиган “Ўтиш даври давлатлари 2017, Популизмнинг Ёлғон Ваъдалари” (Nations in Transit 2017, The False Promise of Populism) номли ҳисоботини эълон қилди.

Ҳар бир давлатнинг аҳволи қуйидаги 7 кўрсатгич бўйича ўлчанибди. Мукаммал кўрсатгичга 1, энг ёмон бўлганига 7 баҳо берилибди. Мана Ўзбекистонга ўша 7 кўрсатгич бўйича берилган баҳолар:

Умумий бошқариш системаси – 7
Сайлов системаси – 7
Фуқаролик жамияти – 7
Матбуот эркинлиги – 7
Маҳаллий бошқарув системаси – 6,75
Суднинг мустақиллиги – 7
Коррупция – 7

Умумий демократия рейтинги – 6,96

Ўзбекистонда бу баҳолар 2007 йилдан бери айнан шундай бўлиб келгани ҳам кўрсатилган.

Хуллас, кўриб турибмизки, аввалги йилларни қўйиб туринг, аҳволимиз сўнги 10 йилда ҳеч ўзгармасдан келмоқда ва Ўзбекистонга ҳамма йўналишда (Маҳаллий бошқарув системаси ташқари) энг ёмон баҳо берилмоқда. Сайлов системасининг аҳволини ўлчашда ўтган йилнинг охирида Шавкат Мирзиёнинг президентлик курсисини расмийлаштириб берган сайлов ҳисобга олингани ҳам айтилган.

Маҳаллий бошқарув системасига бироз яхши баҳо берилгани тўғри эмас, аммо бу нарса ҳам умумий баҳони Ўзбекистон режими фойдасига бор-йўғи 0,04 га ўзгартирганининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.

Бу рақамларни кўрсатувчи жадвалдан ташқари Ўзбекистондаги аҳволни сўз билан ёритувчи бир неча варақлик анализ ҳам илова қилинган. У ердага анализ “Ҳаракат” доим айтиб келаётган фикр ва мулоҳазаларни қайтаришдан иборат бўлгани сабабли, уни бу ерда келтириб ўтиришни лозим топмадик.

Солиштириш учун баъзи мамлакатларнинг Умумий демократия рейтингини келтирмоқдамиз:

Туркманистон - 6,96
Озорбайжон – 6,93
Тожикистон – 6,64
Қозоғистон – 6,64
Россия – 6,57
Қирғизистон – 6
Гуржистон – 4,61
Украина - 4,61
Польша - 2,57
Эстония – 1,93

Бир оғиз сўз билан айтсак, Ўзбекистонимиз ҳамма демократик кўрсатгичлар бўйича энг ёмон баҳо олган. Шавкат Мирзиё президент бўлгандан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармагани феълан тан олинган.