04 April 2017
09:22 - Лекини бор яхши хабар: Шавкат Мирзиё устози ва отаси Ислом Каримнингг руҳини чирқиратиб хусусий клиникаларни солиқлардан озод қилди
“Ҳаракат” агентлигининг янгиликлар тасмасида Ислом Карим сўнгги йилларда хусусий клиникаларга қирон келтириб, уларнинг аксариятини ёптиргани ҳақида хабарлар чоп қилгандик. Буни қарангки, кеча унинг меросхўри Шавкат Мирзиё соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг улушини ошириш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш ва энг асосийси, бу соҳада рақобатни ривожлантириш мақсадида, хусусий клиникаларни келгуси 5 йил давомида барча турдаги солиқлардан озод қилди.

Қарор билан аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги тўловлардан озод этилади.

Қишлоқ жойларда эса тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилади.

Ҳа, бу яхши хабар, лекин давлатнинг ўзи - фойда кетидан югурган хусусий клиникалар касалларга хизмат кўрсатиш сифатини тушириб юбормаслиги учун ҳам нималардир қилиши керак. Демократия ва ошкоралик бўлмагани сабабли коррупция учига чиққан Ўзбекистонда буни қилиш осон бўлмайди. Балки, умуман қилиб бўлмас.