31 March 2017
21:25 - Шавкат Мирзиё амалдорларни кам ухлашга чақирди, сўз эркинлиги борасида Ислом Карим сингари талмовсиради. Оллоҳим, мухолифатни ва “Ҳаракат”ни ўлимдан асра!
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё кечаги видеоселектор мажлисида раҳбар ходимлардан кўпроқ ишлашни талаб қилиб, уларни тунда 4 соатдан ортиқ ухламасликка чақирди. “Энди ишлаш керак. Ўзини раҳбарман деган инсон тунгги соат 2 да ухлаб, тонгги соат 6 да уйғонади. Ишлаб халқнинг дуосини олиш керак. Дуо сизнинг соғлиқларингизни мустаҳкамлайди. Ҳаммаси жойида бўлади. Халқнинг дуосини олиб қолиш керак”, деди президент.

Шавкат Мирзиёнинг ўзи айнан шу режимга амал қилишини бош вазир ўринбосари Рустам Азим мамлакат парламентининг қўшма мажлисида айтиб ўтганди.

Президент шу селектр мажлисида Ўзбекистон ТВ фаолиятини кескин танқид қилди. У "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" телеканалларига алоҳида тўхталиб, "Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", деди.

Марҳум Ислом Карим ҳам вақти-вақти билан шeнақа талмовсираб турарди. Гўё, журналистларни мардликка, ҳамма-ҳамма нарсани очиқ-эркин байн этишга чақирарди. Очиқ гапира бошлаган одамни қамоққа тиқарди, дейди мухбиримиз.

Бундай шароитда шундай дейишга мажбурмиз: “Эй, Оллоҳим, журналистларимизни ўзинг бошқар, ошкоралик йўлига, очиқ ҳақиқатни айтиш йўлига, танқид қилиш йўлига бурилишларига йўл қўйма. Йўл қўйсанг, ўзбек халқи мавжуд режимни ҳеч қанақа мухолифатсиз 1 ой ичида ағдариб ташлайди-ку. Унда мухолифат ўлади-ку! “Ҳаракат”га иш қолмайди-ку!”