29 March 2017
17:36 - Ўзбекистон ҳукумати меҳнат мигрантлари масаласида “Бирлик” 10 йил аввал таклиф қилган йўлга ўтмоқда, унинг янги таклифлари қачон қабул қилинади?

“Бирлик” Партияси узоқ йиллардан бери Ўзбекистоннинг келажаги бевосита ташқи меҳнат миграциясини легаллаштириш ва бу борада тегишли вазирлик ёки давлат қўмитаси тузиш эканини таъкидлаб келар эди. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат бундан 10 йил аввал бу ҳақда Ислом Каримга хат ҳам ёзган.

Ноҳоят Ўзбекистон ҳукумати охирги ойларда айнан шу йўлни тутишга бошлагани ва Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлиги тузгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Кеча Ўзбекистон Меҳнат Вазири Азиз Абдуҳаким Россия Меҳнат ва Ижтимоий Ҳимоя Вазири Максим Топилин билан Москвада шу масалада музокаралар ўтказди. Музокара натижасига кўра, Ўзбекистон Меҳнат Миграцияси Агентлиги Россияда ваколатхонасини очади.

Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ишчиларга майиблик, касбий касаллик ёки уларнинг соғлиғига етган меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа зарарлар учун товон пули олиш ҳуқуқларини ўзаро тан олиш амалиёти бошланади. Максим Топилиннинг таъкидлашича, жабрланганларга, тўғрирорғи, ўзбек мардикорларига тўловлар ўз вақтида ҳисоблаб берилишини таъминланади.

Икки мамлакат вазирлари Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий жалб этиш ҳақидаги битим лойиҳасини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистонда ягона мухолифат партияси бўлган “Бирлик”нинг таклифларини жуда кеч бўлса ҳам амалга оширишга бошлади. Нима бўлса ҳам, бошлагани яхши.

Аммо, Ўзбекистонни ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун яна кўп ишлар қилиш керак. Абдураҳим Пўлат қилиниши керак бўлган стратегик ишлар ҳақида ўша пайтда Президент вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган Шакват Мирзиёга ўтган йилнинг 24 октябрида йўллаган хатида ёзган эди. “Ўзбекистон фундаментал ислоҳотларга муҳтож экан, ислоҳотлар муаллифи бўлган “Бирлик”нинг иштирокисиз ўтказиладиган президент сайловлари навбатдаги масхарабозлик бўлишини истамаймиз” номли ўша мактубдаги таклифлар ҳам 10 йилдан кейин амалга оширилишга бошлайдими? Ўша хат билан мана бу адресда танишиш мумкин - http://harakat.net/news/?id=19850

Мухолифатнинг вазифаси – ҳукуматга тинчлик бермаслик, қилиниши керак бўлган ишларни тезроқ қилишга мажбурлашдир. Демак, “Бирлик” ўз фаолиятни шу шу йўлда давом эттиради.