26 March 2017
16:36 - “Ҳаракат”да ҳақиқий хабаргагина жой бор: Нима учун эр-хотин россиялик депутатлар Киевга қочгани, сўнгра эр Вороненков ўлдирилгани ҳақида хабар бермадик?

Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат Думасининг собиқ депутатлари эр-хотин Денис Вороненков ва Мария Максакова ўтган йилнинг охирида Украинага қочиб кетганлари ва у ердан туриб Россиядаги режим ва режимбоши Владимир Путинга ташланаётганлари ҳақидаги хабарлар дунёнинг ҳамма ахборот воситалари тарафидан сўнги ойларда кенг тарқатилмоқда.

23 март куни Денис Вороненковни Киевда бир одам отиб ташлади, қотилнинг ўзи ҳам Вороненковнинг қўримачиси тарафидан отиб ўлдирилди. Кеча Вороненковнинг жасади Киевдаги машҳур қабристонда тупроққа берилди. Унинг ўлими жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Аммо, “Ҳаракат” бу ҳақда шу пайтгача ҳеч қандай хабар бермади. Нимага?

Гап шундаки, 1971 йилда туғилган, 1988 йилда харбий ўқув юртини, 1995 йилда Мудофаа Вазирлиги таркибидаги ҳарбий университетни битиргандан бери мавжуд режимнинг содиқ хизматчиси бўлган Денис Вороненков 2011 йилди коммунистик партия рўйхатидан Давлат Думасининг депутати қилиб сайланган эди. У билан расман 2015 йил март ойида турмуш қурган опера қўшиқчиси, ўта машҳур опера қўшиқчиларининг қизи ва набираси Мария Максакова эса, ҳар замон мавжуд режимнинг мадҳиячиси бўлган ва 2011 йили “Бирлашган Россия” Партияси рўхатидан Давлат Думасига сайлатиб қўйилганди.

Мавжуд режимнинг содиқ хизматкорлари тўсатдан Украинага қочиб бориб, шу пайтгача хизмат қилган режимларига қарши бўлиб қолганлари орқасида ғоявий эмас, шахсий масалалар тургани, бу иккала депутат коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботиб бўлгани, ички кураш натижасида ҳамма сирлари ўртага чиқаётгани ва иш қамалишгача етиб боришини тушунганлари учун улар Украинага қочганларини дарҳол тахмин қилиш мумкин эди. “Ҳаракат” айнан шу тахминдан келиб чиқиб ва Россияда бутун режим шу ботқоқда бўлганини назарда тутиб, икки депутат масаласини оддий воқеа сифатида қабул қилди ва бу ҳақда хабар ҳам бергани йўқ.

Ҳозир ҳамма ахборот воситалари Денис Вороненковнинг ўлдиришида Путиннинг қўлини қидириш билан оворалар. Фойдасиз иш. У Путиннинг буруғи билан ўлдирилгани эса, шубҳасиздир.

Яқинда ҳамма Денис Вороненков ва Мария Максаковани унутади. Россияда бундайлар шунчалик кўпки, улар тарих саҳифасидан ҳам жой ололмайдилар. Уларга “Ҳаракат” саҳифаларида ҳам ер йўқ.