17 March 2017
21:27 - Қизиқ: Шавкат Мирзиё Асаджон Хўжаевни ўзига матбуот котиби тайинлади

Кеча Асаджон Хўжаев (паспортига кўра – Ходжаев) Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби этиб тайинланди. 1970 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида таваллуд топган бу одам 1995-2000 йиллар давомида Алоқа Вазирлиги, Ўзбекистон Почта ва Телекоммуникация Агентлиги марказий аппаратида биринчи тоифали муҳандис, бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган. 2001-2003 йилларда “Ўзбекистон Почтаси” давлат акционерлик компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари, 2003 йил январь-август ойлари мобайнида Узинфоком маркази директори биринчи ўринбсари, 2003 -2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий Хавфсизлик Кенгаши аппаратида бош консультант вазифаларида ишлаган.

2004-2011 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлиги Бош директори ўринбосари, 2011-2012 йилларда Интеллектуал Мулк Агентлиги Бош директори, 2012-2016 йилларда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонаси директори лавозимларида ишлаган.

Аслида, бутун дунёда матбуот котиблари сўзга уста одам бўладилар. Асаджон Хўжаевда бундай сифат бор-йўқлиги номаълум. Балки, бу муҳиммасдир, чунки, Ўзбекистонда Матбуот котиби шунчаки расмиятчилик учунгина бор бўлган одамдир.