15 March 2017
11:05 - Шавкат Мирзиё қочқинларга сиёсий бошпана беришни бошламоқчи, сиёсий бошпана қўшни давлатлардан қочаётган ўзбекларга бериладими?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиё тез орада сиёсий бошпана беришни бошлашга кўрсатма берган. Бу жараённинг 1 март кунги “Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида номи тилга олинган Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизматига юклатилгани айтилади.

Фармонда “Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати 2 ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини назарда тутувчи Сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин”, дейилади.

Шавкат Мирзиёнинг бу ташаббусини тушуниш қийин, дейди мухбиримиз. Инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида, уруш ичидаги Сурияни ҳисобга олмаса, охирги ўринда турган Ўзбекистондан ким сиёсий бошпана сўраши мумкин? Балки, Шавкат Мирзиё қўшни мамлакатларда миллий тазйиқ остида қолган ўзбекларга сиёсий бошпана бермоқчидир. Агар у шуни ўйлаётган бўлса, ўзбек миллатига нисбатан сотқинлик қилган, ўзбекларни она ерларидан ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қилаётган, умумтуркий илдизларимизни унутган фашистларга ёрдам берган бўлади. Ўзбекистондек давлат қўшниларимиздан, биринчи навбатда, қирғиз ҳукуматидан ўзбекларга нисбатан олиб борилаётган сал кам фашистик сиёсатни тўхтатишни талаб қилиши ва ўз талаби бажарилиши учун ҳар қандай қадамга тайёр эканлигини очиқча айтиши керак.