15 March 2017
10:08 - ЕТТБ делегацияси бугун Тошкентга келади, натижа қандай бўлади?

Бугун Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегацияниннг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. “Ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат”, дейилган ТИВ хабарида.

Февраль ойининг биринчи ярмида ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроий директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифини амалга оширганди. Банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда 5 кун давомида Бош вазир, Ташқи Ишлар Вазири ва бошқа вазирлар билан учрашувлар ўтказди. Айнан шу ташриф вақтида ЕТТБ президенти Сума Чакрабартининг март ойида Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилганди. Афтидан, Ўзбекистонда мазкур молия муассасасининг ваколтхонаси очилади.

Шу муносабат билан, 10 март куни тарқатилган хабаримиздаги таҳлилни қайтарамиз: “ЕТТБнинг бизга қайтиши ростдан ҳам яхши хабар. Аммо, айтавериб чарчаганимиздек, Ўзбекистонда фундаментал ислоҳотлар ўтказилмаса, жаҳоннинг ҳамма банклари келиб ҳам, ғариб аҳволимизни тузатолмайдилар.”