14 March 2017
20:48 - Яхши хабар, аммо...: Ўзбекистонда учта йирик цемент заводлари қурилади, бироқ аянчли аҳволдан чиқишимиз учун ўзбек бойлари пайдо бўлишига йўл очиш керак
Аввалги хабарларимизда ўзбекистонлик амалдорларнинг мустақил равишда хорижга чиқишига рухсат этилгани хусусидаги ижобий маълумотни айтгандик. Бугун Ўзбекистонда Россиянинг цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган "Евроцемент" компанияси билан қатор лойиҳаларни амалга оширишни Тошкент вилояти ҳокими Шукурулло Бобоев Санкт-Петербургда губернатор Георгий Полтавченко билан муҳокама қилибди. Тошкент вилояти ҳокими музокараларда Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 3 та завод учун сармоя ундиришга эришганмиш.

Шу мақсадда 330 миллион доллар миқдорида сармоя ўзлаштирилади ва яқин орада мазкур лойиҳалар бўйича ҳамкорликка доир англашув меморандумини имзолаш кутилмоқдамиш.

Бу сўзсиз яхши хабар, аммо, қуйидаги фикримизни ҳар доим такрорлашга мажбурмиз, дейди мухбиримиз. Нимага бундай ишлар билан ҳокимлар шуғулланмоқда. Эски Совет системасига қайтмоқдамизми? Қана бозор иқтисоди?

Қолаверса, "Евроцемент"нинг эгаси Eurocement Holding AG бўлиб, Маркази Москвада жойлашган бу холдингнинг эгаси Филарет Гальчевдир. Нимага бу заводни қуриш масаласи Санкт-Петербург ҳокими билан гаплашилди. Бу ерда шубҳали саволлар чиқаверади.

Нимага Ўзбекистонда бу каби лойиҳалар устида ишлашга қодир бўлган йирик хусусий ширкатлар йўқ? Ўзбекистон иқтисодини ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун бундай заводлар куришга кучи етадиган ўзбек бойлари, катта хусусий ширкатлар пайдо бўлишига йўл очиш керак. Шавкат Мирзиё тутзорларни кўпайтириш билан эмас, стратегик муаммолар билан шуғулланиши шарт.