14 March 2017
18:13 - Нурсултон Назарбой Қозоғистонни дунёнинг энг кучли 30 мамлакати сафига олиб кириш режасидан воз кечмапти, Шавкат Мирзиё тутзорларни кенгайтираверадими?

Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари ва нефтнинг нархи кескин тушиб кетиши туфайли, Россия билан яқин иқтисодий ҳамкорликда бўлган Қозоғистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти охирги 3 йилда сал кам икки бараварга тушиб кетди. Ўзбек профессорларидан кўп маош оладиган қозоқ дворниклари энди ўзбек профессорлари ва ҳатто Ўзбекистон сенаторлари билан бир хил маош оладиган ҳолга тушдилар. Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Қозоғистон Ўзбекистонда 8 баравар олдинда эди, энди бор-йўғи 4 баравар (!!) олдинда. Бундай вазиятда Нурсултон Назарбойнинг Қозоғистонни 2050 йилгача дунёнинг 30 та энг кучли мамлакати қаторига олиб чиқиш режаси нима бўлади?

Маълумки, Нурсултон Назарбой бундай режасини айнан кризис бошланиши арафасида эълон қилган эди. Бугун у ўз режасини амалга ошириш устида иш давом этишини билдирди.

Нурсултон Назарбой бу ҳақда бугун Оқмола вилояти активи билан учрашувда гапирди. Бу ҳақда у шундай деди: “Учта кучли кризисни бошдан кечирсак ҳам, мамлакатнинг барқарорлигини сақлаб қолдик ва ривожланишни давом эттирмоқдамиз. Иқтисодий қийинчиликлардан ўтишга ёрдам берадиган миллий резерв яратдик. Энди олдимизда 30 та ривожланган мамлакатлар сафига кириш бўйича “Учинчи модернизация: глобал рақобатбардошлик” Мурожаатида кўрсатилган масалалар устида ишлаш турибди.”

Эслатиш керакки, Қозоғистон Президенти ўзининг ҳар йили каби, бу йил бошида халққа қилган Мурожаатини тилга олиб ўтди. У бугунги нутқида ўша Мурожаатида айтилган режаларни амалга ошириш учун фаннинг янгиликлари ва инновацион технологияларни ишлатиш муҳимлигини ҳам урғулади.

2050 йилгача Нурсултон Назарбой ҳаётда бўлмайди, шундай экан, у ҳозир шунчаки валдирайверади-да дейдиганлар бор бўлиши ҳам мумкин, дейди мухбиримиз. Аммо, аслида, бизнинг Президент ўтган жума куни Бухорога бориб тутзорларни кўпайтириш ҳақида гапириши валдираш бўлиб, Қозоғизстон Президентининг фан янгиликлари ва инновацион технологияларни ишлатиш ҳақида гапириши, энг камида, ҳурматга сазовордир.

Қозоғистон ҳам демократияда узоқ бўлган давлат. Бундай давлатларда президентнинг оғзидан чиққан ҳар қандай сўзни турли даражадаги ҳокимлар буйруқ сифатида қабул қиладилар. Мана энди, Ўзбекистон бўйлаб тутзорларни кўпайтириш бошланади, қозоқ ҳокимлар эса, фан ютуқлари ва инновацион технологиялар ҳақида ўйлашади.