06 March 2017
21:14 - Қизиқ: Ўзбекистон Туркманистон билан стратегик шерик бўлармиш, инсон ҳуқуқларини топташ масаласидами?

”Туркменистан сегодня” газетасининг хабарига кўра, президентлар Гурбангули Бердимуҳаммад ва Шавкат Мирзиё Туркманистон ҳамда Ўзбекистон республикалари ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда Қўшма баёнотни имзолади. Шунингдек, икки қўшни давлат делегациялари ўртасида 2018—2020 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Темирйўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум, Маданий-гуманитар соҳада 2017—2019 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳамкорлик дастури ва Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017—2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга оширишга келишди.

Туркманистон Темирйўл транспорти вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Туркманхимия” давлат концерни Ўзбекистон корхона ва ташкилотлари билан битимлар имзолади.

Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари ҳамда Лебап ва Бухоро вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга келинди. Эртага давлат раҳбарлари Туркманистоннинг Лебап вилоятига бориб, у ерда Туркманобод-Фороб автомобиль ҳамда темир йўл кўпригининг тантанали очилиш маросимида қатнашади.

Бу хабарда санаб чиқилган соҳалар бўйича ҳамма қўшни мамлакатлар ҳамкорлик қиладилар, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, дейди мухбиримиз. Шундай экан, бу икки президент расмий хабарларда тилга олинмаган яна биронта соҳада шартнома имзоламадиларми, ўшани стратегик ҳамкорлик дейишмаяптими, деган савол туғилади. Ўзбекистон билан Туркманистон жаҳон давлатларининг Инсон эркинликлари рўйхатида охирига ўринларда эканликларини ҳисобга олсак, стратегик ҳамкорлик қайси соҳада бўлишини катта эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкин. Нима ҳам дердик: Эй, бечора ўзбек ва туркманлар!