01 March 2017
22:12 - Навбатдаги Халифа Боғдодий ўз салафлари билан видолашибди
Alsumaria телеканали ИШИД террорчилик ташкилоти раҳбари Абу Бакр ал-Боғдодийнинг ўз тарафдорлари билан видолашгани ҳақида хабар қилди. Бағдодий видео мурожаатда охирги ойлардаги жанговар ҳаракатлар оқибатида ташкилот енгилганини тан олиб, жангариларни тоғли ҳудудларга кетиб яширинишга чақирган.

"Ал-Бағдодий ўз видолашув нутқида ташкилотнинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирган. У жангарилар Найнавада ва Ироқнинг бошқа ҳудудларида мағлуб бўлишгани ҳақида гапирган", дейди телеканал. Бундан олдинги хабарларда Ал-Боғдодий Мосулнинг ғарбий қисмидан чиқиб кетгани маълум қилинганди.

Сал аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Ироқ қўшинлари Мосулни ташқи дунё билан боғлаб турган охирги йўлни эгаллашгани ҳақида хабар берилганди. Маълумки, Мосул ИШИДнинг Ироқдаги норасмий пойтахти ҳисобланар, шунингдек, жангариларнинг Ироқ ҳудудидаги охирги таянч шаҳри бўлиб қолаётганди.